Apple’нинг 8 март тақдимотида нималар намойиш этилди?
Кеча, 8 март куни Apple’нинг жорий йилдаги илк тадбири ўтказилди, тақдимот маросими яна онлайн форматда бўлиб ўтди. Унда компания томонидан ишлаб чиқарилган янги гаджетлар намойиш этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимини қисқача кириш сўзи билан бошлаган Тим Кук Apple TV+ янгиликлар ҳақида гап очди. У стрим сервиснинг қўлга киритган мукофотлари ва номинацияларини санаб ўтди. Эътиборли тарафи, бор-йўғи уч йил аввал старт олган сервис энг нуфузли жаҳон киномукофотлари ва совринларини қўлга киритаётган контент яратмоқда.
Сўнгра, бир неча янги филмлар, тўлиқ метражли мултфилм ва АҚШдаги бейсбол матчлари трансляцияси анонси намойиш этилди.
iPhone 13 энди яшил тусда
Биринчи бўлиб тақдим этилган янгилик яшил тусда ишлаб чиқарилган iPhone 13 бўлди. Анъанага мувофиқ, янги ранг смартфонларнинг фаол қаторига баҳорда қўшилмоқда. Янги рангда Apple смартфонларининг ўн учинчи қаторининг барча моделлари ишлаб чиқарилади.
Топ «масаллиқ»ли учинчи авлод iPhone SE смартфони
«Яшиллашган ўн учлик»дан сўнг тақдимотнинг энг кутилаётган янгилигига навбат берилди. Apple смартфонлари ичида энг ҳамёнбоп ва ҳаммабопи ниҳоят янгиланган ҳолда ишлаб чиқарилди.
- Кўп ҳам мўъжиза рўй бермаган, гаджетни ташқи кўринишидан iPhone SE 2020 ёки iPhone 8 дан фарқлаб бўлмайди. Унда ўша 4,7 дюймли экран ва унинг остида Touch ID бор. Plus ёки Max сингари катталашган версияси ёки Face ID идентификация тизимини жорий қилишмаган.
- Яхшигина танилган корпус сирти iPhone 13 смартфонлар қатори сингари Ceramic Shield қопламаси билан қопланган.
- Бироқ янги телефоннинг «масаллиғи» топ, ҳисоблаш қувватига A15 Bionic флагман процессори «жавобгар». Бу процессор эса қурилмани iPhone 8га нисбатан 26 баробар кучлироқ қилади.
- Қурилманинг камераси ҳам яхшиланган, бу аввало айнан янги процессор туфайли. Смартфон фотографик стиллар ва Deep Fusion’ни қўллайди.
- Кутилганидек, қурилма 5G тармоқларига ҳам улана олади.
- Янги iPhone SE 2022 нархи АҚШда 429 доллардан бошланади. Сотувларнинг бошланиши 18 мартга мўлжалланган.
Бешинчи авлоддаги, M1 чипига эга iPad Air
Кутилганидек, iPad’нинг «ҳаво» қатори ҳам янгиланишларга эга бўлди. Бироқ мухлислар кутганига терс ўлароқ, 5-авлоддаги Air янги планшети топ iPhone’лардаги A15 Bionic чипига эмас, ўта кучли Apple M1 процессорига эга бўлди. Улар базавий ноутбуклар ва сўнгги авлоддаги iPad Pro’ларда қўлланилган.
- Қурилманинг ишлаш қобилияти олдингисига нисбатан 2 баробарга ошган. Янги «масаллиқ» iPad Air’ни бугун сотилаётган Windows-ноутбукларнинг аксариятидан тезроқ ишлашини таъминлайди.
- Планшетнинг фронтал камерасини анча-мунча яхшилашган. Энди унда 12 мегапикселли Center Stage фишкасини қўлловчи сенсор бор.
- Type-C уланиш порти 2 баробар тезлашди ва маълумотларни 10 Гбит/с тезликда узата олади.
- Планшет беш хил тусда таклиф этилади: қора, оқ, тилларанг, нилуфар ранг ва денгиз тўлқини рангида.
- 64 ГБ дан 256 ГБгача бўлган хотирада тақдим этилади.
- Янги iPad Airнинг нархи АҚШда 599 доллардан бошланади ва 18 мартдан сотувга чиқади.
Apple’нинг энг топ чипи. M1 Ultra янги процессори
Mac янги компютерлари намойиши олдидан Тим Кук ва компания Apple’нинг янги юқори унумдорликка эга процессори ҳақида сўзлаб беришга қарор қилишди. У М2 деб номланмади, биринчи авлоддаги ARM-чиплар қаторидаги энг кучли процессор — Apple M1 Ultra дея аталди.
- У 5 нанометрли техник жараён бўйича ишланган ва 114 миллиард транзистордан иборат. Бу энг базавий M1 чипидагидан 7 баробар кўп. Аслида, янги процессор M1 Max чипининг қўшалоғи деса ҳам бўлади.
- M1 Ultra 20 та процессор ядроси ва 64 видеоядрога эга. У 128ГБ бирлаштирилган хотирага эга.
- Чип бир неча оқимда ProRes’ни қайта ишлашни осонгина эплайди ва сониясига 22 триллион операция бажаради.
Янги процессорнинг ишлаб чиқариш унумдорлиги ва энергия самарадорлиги бозордаги жуда кўп рақобатдош чиплардан яхшироқ бўлиши кутилмоқда.
Янги M1 Ultra чипидаги Mac Studio
Apple стол компютерлари қаторида Mac mini ва Mac Pro оралиғидаги ечим пайдо бўлди. Бу янги M1 Ultra процессорида ишловчи, мутлақо янги стационар Mac Studio компакт компютеридир (унинг эски M1 Max чипидаги модификациялари ҳам бор).
Габаритларига кўра, қурилма Mac mini қаторидагиларга ўхшаш, лекин «мини»дан сезиларли даражада баландроқ. Унинг сирти алюминийдан ишланган.
- Компютер кўп сонли уланиш нуқталарига эга: 4 та USB-C/Thunderbolt 4 порти, 2 та USB-C 3 порти, 2 та USB 3.0 порти, 10 Гбит/сек тезликни таъминловчи Ethernet ва HDMI. Табиийки, қулоқчинлар учун 3.5 мм.лик портни ҳам унутишмаган.
- Қурилма Wi-Fi 6 ва Bluetooth 5.0 модуллари билан таъминланган.
- Бортга 8 ТБ ҳажмли SSD ва 128 ГБ гача бўлган оператив хотира ўрнатиш мумкин.
Янги Mac Studio’нинг қуввати чиндан ҳам ҳайратланарли. Компютер шу вақтгача ишлаб чиқарилган iMac қаторидаги қурилмаларнинг барчасини ортда қолдиради. CPU қуввати бўйича Apple’нинг янги компютери актуал Mac Pro’нинг топ конфигурацияларидан 80 фоизга устунлик қилади.
Дарвоқе, тақдимот ниҳоясида эплчилар Mac Pro ҳам янгиланишига шама қилишди, лекин буниси Apple’нинг бошқа тадбирида юз берса керак.
Янги Mac Studio’нинг нархи АҚШда (M1 Max процессори билан) 1990 доллардан ва (M1 Ultra процессори билан) 3990 доллардан бошланади. Сотувлар 18 мартда старт олади.
Янги Mac Studio учун Studio Display монитори
Янги Mac Studio учун махсус 27 дюймли 5K дисплей ишлаб чиқилган. Табиийки, у Apple’нинг бошқа компьютерларига ҳам тушади.
- Бу монитор DCI-P3 ва True Tone технологияларини қўллайди ва 24 дюймли iMac актуал қатори стилида ишланган.
- Базавий модел 30 градусгача бўлган диапазонда бурилиш имкониятига эга. Мониторни баландлик бўйича созлашга ёрдам берувчи қурилмани алоҳида харид қилиш мумкин.
- Дисплейнинг олд панелида Center Stage опциясини қўлловчи 12 мегапикселли фронтал камера ўрнатилган.
- Дисплей ичида қурилманинг аудиотизими ишлашини таъминловчи A13 Bionic чипи ўрнатилган.
- Studio Display ўтказиш қобилияти 10 Гбит/с бўлган, тўғридан тўғри қувватлашни қўлловчи учта Thunderbolt/USB-C уланиш нуқтаси ўрнатилган.
- Янги Studio Display нинг нархи АҚШда стандарт конфигурацияда 1599 доллардан, матрицанинг нано текстурага эга қопламали моделлари учун 1899 доллардан бошланади.
Шу билан тақдимот ниҳояланди. Қарийб 1 соат давом этган тадбирда Кук ва унинг компанияси кўплаб қизиқарли янгиликларни намойиш этишди. Экология, нолга тенг углерод изи ва Android’даги рақобатчилар ҳақида минимум даражада гап очилди.
Мавзуга оид
08:10 / 15.11.2024
Apple BBC, The Insider ва "Эха Москвы" подкастларини Россияда яшириб қўйди
23:31 / 14.11.2024
iCloud мижозлари Apple компаниясини судга берди
16:54 / 13.11.2024
Apple iPhone нархидаги китобини чиқарди
11:28 / 10.11.2024