Жамият | 10:14 / 10.03.2022
13229
2 дақиқада ўқилади

Фарғона ва Андижон вилоятларида фермер хўжаликларининг ер майдонларини сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди

Фарғонада 65 000, Андижонда 17 000 АҚШ доллари эвазига фермер хўжаликлари ер майдонларини сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди.

Фото: Бош прокуратура

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг хабар беришича, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тезкор тадбирда, “P.C.” фермер хўжалиги раҳбари Ю.Ю. фуқаро Х.нинг ишончига кириб, унга хўжаликнинг 42,6 гектар суғориладиган ер майдонини 65 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 15 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, терговга қадар текширувда, Ю.Ю.нинг акаси Д.Ю. фуқаро Х.га ўзининг раҳбарлигидаги “M.I.” фермер хўжалигининг 56 гектар ер майдонини 28 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 16 600 АҚШ доллари ва 89 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олгани аниқланган.

Худди шундай, Департамент ҳамда ДХХнинг Марҳамат тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “Ф.Д.” фермер хўжалиги раҳбари М.Т. фуқаро К.Қ. билан ўзаро тил бириктириб, хўжаликнинг 6 сотих ер майдонини 17 000 АҚШ доллари эвазига танишлари ёрдамида фуқаро Н.нинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, олдиндан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) ва 229-6-моддаси (суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Андижон ва Хоразм вилоятларида ер майдонларини сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушлангани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид