Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Кегейли туманида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, масъулларга маслаҳат, тавсия ва кўрсатмалар бериб бормоқда. Мазкур ҳудудда андижонлик тадбиркорлар томонидан 2022-2023 йиллар давомида умумий қиймати 604 миллиард сўм бўлган 23 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 1700 та янги иш ўринлари яратилади.


Вилоят раҳбари «Сабо ҳамкор» МЧЖга қарашли замонавий «Nethouse» ёзги иссиқхона ва логистика марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Туманда андижонлик тадбиркор томонидан 5 миллиард сўм маблағ эвазига бир вақтнинг ўзида 150 китобхонга фойдаланиш имкониятини берувчи кутубхона қурилиши билан танишди.


Шунингдек, Шуҳратбек Абдураҳмонов туманнинг Халқобод маҳалласидаги хонадонларда бўлди. Ҳозирда ушбу ҳудуддаги оилаларга "Munavvaroy Agro Klaster" МЧЖ томонидан тухумга кирган 2 минг бош товуқ тарқатилиб, яна 8 минг бош товуқни етказиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу кластер корхонаси томонидан товуқлар озуқасини ўз вақтида етказиб бериш, ветеринар хизматини йўлга қўйиш ва тухумларини қайта сотиб олиш тизими яратилди. Хонадонларга ишкомлар, кичик иссиқхоналар ҳам қуриб берилмоқда. Андижон вилояти тадбиркорлари томонидан касаначилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Бу орқали аҳолини ҳунарга ўргатиб, ишсизликнинг олдини олиш мақсад қилинган. Бу тизим Кегейли туманидаги барча маҳаллаларда йўлга қўйилади.


Ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида ҳозирда фаоллар томонидан 200 минг туп терак ҳамда 10 минг туп тут дарахти кўчатлари етказилиб, кўча бўйлари, хиёбонларга ўтқазилмоқда.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Кегейли туманидаги 16 та маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари билан доимий мулоқот ўтказмоқда.























