Жамият | 16:05 / 12.03.2022
9734
2 дақиқада ўқилади

Ўзини Аксилкоррупция агентлиги ходими сифатида таништирган фирибгар 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Facebook ижтимоий тармоғида Мурод Мўминов профили билан ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, фуқароларнинг 20 минг доллардан ортиқ пулларини алдов йўли билан ўзлаштирган шахс 5,5 йилга қамалди.

Фото: Pixabay

Агентлик матбуот хизматининг хабар беришича, у фуқаро Н.С.га ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, автомашина ва уй олиб беришни ваъда қилган ҳамда 11 минг доллар миқдоридаги пул маблағларини алдов йўли билан қўлга киритган. 

«М.Мўминов Аксилкоррупция агентлиги томонидан ўтказилган расмий тадбирларда бошқа фуқаролар қаторида қатнашиб, тадбирга доир фото-видеолавҳаларни ўзида сақлаб олган. Мазкур маълумотларни атрофидагиларга кўрсатиш орқали ўзининг агентлик ходими эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилиб келган. Шунингдек, у Facebook ижтимоий тармоғида профил очиб, ўзининг агентликдаги иш фаолияти тўғрисида ёлғон маълумотларни жойлаштирган», - дейилади агентлик баёнотида.

Фирибгарликдан жабрланган фуқаро М.Мўминовга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб, агентлик директори номига ариза билан мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ички ишлар идораси томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Агентликнинг маълум қилишича, М.Мўминов 2020 йилда ҳам бошқа фуқаро – Д.С.нинг ишончига кириб, унинг 110 миллион сўм пулини ўзлаштириб юборган.

Суд ҳукмига кўра, М.Мўминов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд қарорида М.Мўминовдан жабрланувчи Д.С.нинг фойдасига 110 млн сўм, Н.С.нинг фойдасига эса 130 млн сўм ундирилиши белгиланди.

Мавзуга оид