Агентликка кўра, 2021 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда ҳар йили ўртача 7 минг киши коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.

“Коррупция касаллиги” 31 ёшдан кейин кучаяди
Таҳлилларга кўра, коррупция жиноятлари ичида энг кўп учрайдиган тур – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишдир. Бу турдаги жиноятлар умумий коррупция ҳолатларининг 33 фоизидан ортиғини ташкил этмоқда. Яъни ҳар йили ўртача 2,5 мингдан ортиқ ҳолат давлат ёки ташкилот маблағларини “ичкаридан” ўзлаштириш билан боғлиқ.
Ундан кейин мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик ва мансаб сохтакорлиги келади. Пора бериш жиноятлари эса умумий ҳолатларнинг 13 фоизини ташкил этади. Эътиборлиси, жамоатчилик энг кўп муҳокама қиладиган пора олиш жинояти статистикада нисбатан паст улушга эга: ҳар йили ўртача 200 нафар атрофида шахс пора олиш учун жавобгарликка тортилмоқда.
Коррупция жиноятларининг асосий қисми 31-49 ёш оралиғидаги шахслар ҳиссасига тўғри келади. 2025 йилдаги ҳолатларга кўра, коррупция жиноятларининг 67 фоизи айнан шу қатлам томонидан содир этилган. Бу – инсоннинг касбий фаолияти энг кучайган, қарор қабул қилиш имконияти ошган ва таъсир доираси кенгайган давр ҳисобланади.

Айниқса, пора олиш жиноятларининг 76 фоизи, талон-торож ҳолатларининг 66 фоизи ҳамда мансаб билан боғлиқ фирибгарликларнинг 67 фоизи айнан шу ёшдагилар ҳиссасига тўғри келган.
18-30 ёшдагилар умумий коррупция жиноятларида 14 фоизни ташкил этган бўлса-да, пора бериш ҳолатларида ёшлар улуши 23 фоизга чиқади. Бу эса коррупция фақат “олувчи” орқали эмас, балки тизимга тезроқ киришга уринаётган “берувчи” муҳит орқали ҳам яшаб қолаётганини кўрсатади.
Таҳлилдаги энг муҳим сигналлардан бири – маълумот даражаси билан боғлиқ. Ўзбекистонда жиноят содир этган шахслар ичида олий маълумотлилар улуши ўртача 20 фоиз атрофида бўлса, коррупция жиноятларида бу кўрсаткич 70 фоиздан ошади. Яъни, коррупция кўп ҳолларда билимсизлик эмас, аксинча, тизимни яхши тушунадиган, ҳуқуқий ва молиявий механизмларни англайдиган шахслар томонидан содир этилмоқда.
Коррупционерларнинг 70 фоизи олий маълумотли, 19,6 фоизи ўрта махсус ва 10,4 фоизи ўрта маълумотли шахслар ҳисобланади. Бу рақамлар коррупцияни “қашшоқлик жинояти” сифатида эмас, имконият ва ваколат жинояти сифатида кўриш кераклигини англатади.








