Жаҳон | 19:27 / 13.03.2022
20351
1 дақиқада ўқилади

Мариуполда тинч аҳоли орасида 2 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлгани маълум қилинди

Фото: Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Россия армияси томонидан қамал қилинган Мариупол шаҳри кенгаши уруш бошланганидан буён шаҳар аҳолиси орасида 2187 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Кенгаш маълумотига кўра, сўнгги кунларда Мариуполга камида 22 марта ҳаво зарбалари берилиб, шаҳарга 100та бомба ташланган.

Кенгашдагилар тасдиқлашича, россиялик ҳарбийлар «аҳоли уйлари, одамлар кўп тўпланадиган жойларни нишонга олмоқда, болалар шифохоналарини вайрон қилиб, шаҳар инфратузилмасини буткул яксон этмоқда».

Маҳаллий расмийлар НАТОни Украина армиясига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб бериш ҳамда Украина осмонини парвозлардан холи ҳудуд деб эълон қилишни сўраган.

Мамлакат ҳаво ҳудудини ёпишни сўраб Украина президенти Владимир Зеленский ҳам бир неча бор мурожаат қилганди. Ғарб давлатлари бунга рози бўлмаяпти - бундай қарор Россия билан тўғридан тўғри тўқнашув келтириб чиқариши мумкин.

Мавзуга оид