Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Украинага кенг кўламли бостириб кириш чоғида рус қўшинлари томонидан вайрон қилинган Украинанинг Мариупол шаҳрини Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар қўшинлари ҳаракатларидан жабр кўрган Ленинград билан солиштирди. «Мени шаҳар қанчалик ёмон вайрон қилингани ҳайратда қолдирди. Бу шунчаки ҳайратланарли эди. Мен қуршовдаги Ленинградни Мариупол билан солиштирган бўлардим — немислар қамалда бўлган Ленинградни режа бўйича бомбардимон қилишган. Эрталаб соат 7 да ва 19 да. Кўп сонли шикастланган бинолар, буни фотосуратларда, блокадага бағишланган китобларда кўришингиз мумкин», деди Бастрикин Санкт-Петербург халқаро юридик форумида. Унинг сўзларига кўра, Мариупол «ер юзидан деярли йўқ қилинган» ва «у ерда ҳеч қандай ҳарбий объектлар йўқ эди».
Украина металлургиясининг энг муҳим марказларидан бири ва йирик денгиз порти бўлган Мариупол Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан кейин рус қўшинлари учун устувор нишонга айланди. 2022 йил 24 февралдан бошлаб Россия ҳудудни артиллерия ва ҳаво зарбаларига дучор қилди. Натижада биноларнинг 90 фоизи шикастланган ёки вайрон бўлган. Март ойида қамалдаги шаҳарда дори-дармон, озиқ-овқат, электр ва сув тақчиллиги туфайли гуманитар инқироз юзага келган эди. Шаҳарнинг сўнгги ҳимоячилари 81 кунлик қамалдан сўнг 2022 йил 20 майда таслим бўлишди.
Украина расмийларига кўра, урушдан олдин шаҳарда истиқомат қилган 400 мингдан ортиқ аҳолидан 22 мингга яқини Мариуполга ҳужум пайтида ҳалок бўлган.












