«Ҳарбий ҳаракатлар зудлик билан тўхталиши зарур» — Абдулазиз Комилов Украинадаги вазият ҳақида
Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олади, Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни тан олмайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида нутқ сўзлаган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов айтиб ўтди.
Сенаторлар Сенат йигирма тўртинчи ялпи мажлиси кун тартиби доирасида Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитишдан бошлади. Ушбу масала юзасидан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маъруза қилди ва Ўзбекистоннинг Украинадаги воқеаларга муносабати бўйича саволга жавоб қайтарди.
«Биринчидан, Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Иккинчидан, биз вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий-дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдоримиз.
Лекин бунинг учун биринчи навбатда ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхталиши зарур.
Ўзбекистон тарихан Россия Федерацияси билан ҳам, Украина билан ҳам анъанавий кўпқиррали алоқаларга эга. Биз ҳар икки мамлакат билан ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттирамиз.
Бир томондан, Россия – Ўзбекистоннинг етакчи ташқи савдо ҳамкори. Биз бу мамлакат билан стратегик шерикчилик ва иттифоқчилик муносабатларига эгамиз.
Иккинчи томондан, Украина билан ҳам кенг қамровли йўналишларда, хусусан, савдо-иқтисодий, маданият, таълим қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
Мазкур мамлакат билан икки томонлама савдомиз ҳажми ўтган йили 704 миллион АҚШ долларидан зиёд кўрсаткичга етди. Бу 2020 йилдагига нисбатан 60 фоизга ошди дегани.
Жорий йилдаги ҳамкорлигимиз кун тартибида ҳам қатор тадбирлар, шу жумладан Тошкентда ва Украинада бир нечта тадбирлар ўтказилиши режага киритилган эди.
2021 йили Тошкент ва Киев ўртасида тўғридан тўғри ҳаво қатновлари тикланди: можародан олдин ҳафтасига
4 тадан рейс амалга оширилаётганди.Биз бугунги оғир кунларда Украинага гуманитар ёрдам берамиз ва вазиятни инобатга олиб, ёрдам кўрсатишда давом этамиз.
Давлатимиз ташқи сиёсатинининг тамойиллари ва йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, воқеаларга муносабатимизни билдирмоқчи эдим.
Аввало, Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донетцк халқ республикаларини тан олмадик», деди Комилов.
Ташқи сиёсат концепциясига асосан Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслиги ва мамлакат қўшинлари хориждаги қуролли можароларга жалб этилмаслиги таъкидлаб ўтилган.
Вазир Россияга қарши Ғарб томонидан жорий этилган санкциялар Ўзбекистонга ҳам тўғридан тўғри таъсир қилаётганини қайд этган.
«Шуни ҳам тан олиш керакки, Россияга қарши Ғарб томонидан жорий этилган чекловчи чоралар, санкциялар Ўзбекистонга ҳам тўғридан тўғри таъсир қилади. Ҳозирда мамлакатимизни бундай санкциялардан ҳимоя қилишга қаратилган ва уларнинг салбий таъсирини олдини оладиган чора-тадбирларни амалга ошириш биз учун муҳим аҳамият касб этади.
Шу кунларда давлатимиз раҳбари томонидан қандай қилиб мана шу оғир оқибатларни олдини олиш мумкинлиги бўйича кўплаб мажлислар ўтказилмоқда», деган у.
Вазир Украинадаги фуқаролар эвакуацияси масалаларига тўхталган. Унинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг 300 нафарга яқин фуқаролари Украинада қоляпти.
«Сенатдаги аввалги учрашувларимизда ҳам иш фаолияти билан шуғулланаётган бошқа фуқароларимиз, талабаларни чет давлатларда манфаатларини биргаликда қандай ҳимоя қилиш тўғрисида фикр алмашганмиз ва ўтган йиллар мобайнида президентимиз ташаббуслари билан жуда катта қарорлар қабул қилинди, халқаро шартномалар имзоланди.
Шу воқеалар бошланишидан олдин биз шундай оғир вазият бўлиши мумкинлигини сезгандик. Энг аввало, элчихонада ходимларнинг оилаларини, ёш фарзандларини қайтаришга ҳаракат қилдик.
Украина ва Польшадаги элчихоналаримизга кўмаклашиш учун Туркиядаги дипломатларимиз, шунингдек, Тошкентдан Ташқи ишлар вазирлиги ходимларидан иборат бир неча гуруҳларни юбордик. Ҳаммамиз биргалашиб, мана шу эвакуация жараёнида ватандошларимизни, фуқароаларимизни ватанга қайтаришга ҳаракат қилдик.
Бу жараёнда бизга Польша президенти жаноб Дуда жуда катта ёрдам берди. Унинг ўзи барча ҳаракатларимизни назоратга олиб, бизга миннатдорлик билдирди. Нега деганда, ўз пайтида биз уларнинг фуқаролари Афғонистондан Польшага қайтишига жуда катта ёрдам бердик.
Бугунги кунда тахминан 6 мингга яқин фуқароларимиз эсон-омон қайтариб олиб келинди. Бу ерда энг катта қийинчилик шундан иборат бўлдики, очиғини айтганда, хавфсизлик нуқтайи назаридан фуқароларни бир ҳудуддан иккинчисига, бир шаҳардан бошқасига олиб бориш бўлди. Лекин биз керакли автотранспорт воситаларини ижарага олдик. Польша Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳукумати, Украинадаги ҳамкорлар билан келишиб, 6 мингга яқин фуқароларни олиб келдик.
Бугунги кунда 300га яқин фуқароларимиз Украинада қолмоқда. Улар билан мулоқотдамиз, барчаларига ёрдам берилмоқда. Шу билан бирга, хавфсизлик масаласи мураккаб характер касб этмоқда. Яқин орада қолган ватандошларимизни ҳам юртимизга қайтариш масаласи ҳал қилинади.
Маълумки, ўз вақтида биз Сурия, Ироқ, Афғонистон каби мамлакатларга адашиб бориб қолган фуқарларимизни қайтариб олиб келгандик. Масалан, Сурияда асосий муаммо бир минтақадан иккинчисига ўтишда эди. Зеро, давлат бўлиниб кетган, ҳар бир ҳудудда маҳаллий гуруҳлар ўз ҳукмронлигини ўрнатган бўлиб, уларнинг ҳар бири билан келишган ҳолда, ватандошларимизни соғ-саломат олиб келгандик.
Очиғини айтганда, Украинадан юртдошларимизни олиб келиш ҳам осон бўлгани йўқ. Ушбу мамлакатда ҳарбий ҳаракатлар кетмоқда, одамлар ҳалок бўлмоқда, ҳарбий кучлар жалб этилган. Мазкур қийинчиликларга қарамай, 6 мингга яқин фуқаромизни соғлик-саломатликда олиб келдик», деган Абдулазиз Комилов.