Дам олиш кунлари республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кузатилмайди - «Ўзгидромет»
Бугун Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисмидан совуқ ҳаво массаси кириб келди, республика ҳудудининг катта қисмида беқарор об-ҳаво сақланиб туради.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида куннинг биринчи ярмида вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади, Фарғона водийси вилоятларида кучли бўлади.
Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида 22-27 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундуз куни 4-7 даража илиқдан юқори бўлмайди.
Шанба куни фақат Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида бироз ёғингарчилик (асосан қор кўринишида) сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ - 3 даража илиққача пасаяди, кундузи 5-10 даража илиқни ташкил этади.
Якшанба куни республиканинг катта қисмида қуруқ ва ўртача илиқ об-ҳаво кузатилади, фақат Қорақалпоғистон шимолида баъзи жойларда бироз қор кузатилади. Ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ - 3 даража илиқни, кундузи 7-12 даража илиқни ташкил этади.
18-19 март кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи бор. Ушбу кунларда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.