Ўзбекистон | 11:20 / 18.03.2022
5647
2 дақиқада ўқилади

Президент тиббиёт бўйича келиб тушган 17 мингта мурожаат тизимли масалаларга оид эканини маълум қилди

Халқаро форумлар саройида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказаётган президент Шавкат Мирзиёев конституцияга тиббиёт ходимлари мақомини таъминлайдиган қоидани киритиш масаласига тўхталди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

“Бу ҳақда гапирганда, мен аввало, бугунги кунда салбий экологик таъсирдан зарар кўраётган Оролбўйи минтақаси ҳақида ўйлайман. Айни вақтда экология соҳасидаги ҳуқуқ бузилишлари оқибатида, фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини, давлат ўз зиммасига олиши керак. 

Бу ҳам Бош қомусимизда аниқ-равшан белгиланиши зарур. Шу билан бирга, Конституциямизда тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлайдиган қоидани ҳам муҳрлаб қўйишимиз лозим”, деди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича мурожаатларнинг 8 минг 400 таси ёки 32 фоизи шахсий масалаларга оид бўлиб, бугунги “очиқ мулоқот”га қадар уларнинг 90 фоизи ҳал қилинган. 

“Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари ва аҳолимиз томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 68 фоизи (17 мингта) тизимли масалалар ҳисобланади.

Мисол учун:

  • айрим тиббиёт муассасалари аҳоли учун узоқ ва ноқулай жойлашган. 3 мингдан ортиқ маҳалла аҳолиси оилавий шифокорлик пунктига бориш учун, 10 километрдан 75 километргача йўл босишга мажбур бўлмоқда;
  • тиббий хизматлар аҳоли эҳтиёжига, ҳудудлардаги одамларнинг турмуш тарзига, маълум бир касалликларнинг кўпайишига қараб, белгиланмаган.

Масалан, Қашқадарёда юрак-қон томир касалликлари биринчи ўринда бўлиб (410 минг кишида касалликлар аниқланган), ҳар йили камида 10 фоизга ошмоқда. Лекин, кардиологлар штати ва шифохона ўринлари сони сўнгги 20 йилда ўзгармасдан келмоқда;

  • бирламчи бўғинда 70 фоиз тиббий асбоб-ускуналар эскиргани туфайли, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати пастлигича қолмоқда;
  • шифокорларнинг ойлик маоши иш натижасига қараб эмас, лавозим тариф сеткасига кўра белгиланган;
  • таълим ва амалиёт бир-биридан узилиб қолган, тиббиёт олийгоҳларида битирувчиларнинг аксариятида иш фаолияти учун зарур амалий кўникма йўқ. 

Мана шундай камчилик ва нуқсонлар сабабли, аҳоли тиббиёт тизимидан ҳали тўлиқ рози эмас”, деди президент.

Мавзуга оид