Ўзбекистон | 20:00 / 19.03.2022
15789
2 дақиқада ўқилади

Президент фармони билан 75 нафар шахс афв этилди

Президент Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фото: KUN.UZ

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 75 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 2 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 16 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 18 нафарини чет эл фуқаролари, 17 нафарини аёл, 15 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини ногиронлар ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Мавзуга оид