Жаҳон | 15:28 / 17.09.2025
2559
2 дақиқада ўқилади

Александр Лукашенко 25 кишини афв этди

Беларус давлат матбуоти 25 маҳбус, жумладан экстремизм учун ҳукм қилинганлар афв этилгани ҳақида хабар бермоқда. Озод қилинганларнинг исм-шарифлари кўрсатилмаган, уларнинг депортация қилингани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Фото: Беларус Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Беларус раҳбари Александр Лукашенко 25 кишини, жумладан экстремизмда айбланганларни афв этди. У тегишли қарорни 16 сентябр, сешанба куни Миллий бирдамлик куни арафасида имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

БелТА давлат ахборот агентлиги маълумотларига кўра, афв этилганлар орасида 12 нафар аёл ва 13 нафар эркак бор. Айни пайтда афв этилганларнинг 19 нафари 40 ёшдан кичик бўлиб, уларнинг кўпчилигининг фарзандлари бор. Аёллардан бири кўп фарзандли она. «Уларнинг барчаси ўз айбларига иқрор бўлди ва қилмишларидан пушаймон бўлди ва қонунга бўйсунувчи ҳаёт кечиришга ваъда берди», деб ёзади БелТА.

«Весна» инсон ҳуқуқлари марказига кўра, афв этилганлар орасида сиёсий маҳбуслар ҳам бор. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, озод этилганларнинг депортация қилиниши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Афв этилганларнинг исмлари ошкор қилинмаяпти.

Бир неча кун аввал, 11 сентябр куни Беларус ҳукумати АҚШ президенти Доналд Трампнинг ёрдамчиси ўринбосари Жон Коул бошчилигидаги делегация билан келишувлар доирасида 52 нафар сиёсий маҳбусни озод қилган эди. Уларнинг аксарияти Беларусни тарк этди. Беларус мухолифатининг узоқ йиллик етакчиларидан бири, 2010 йилда Беларус президентлигига номзод бўлган Николай Статкевич мамлакатни тарк этишдан бош тортди. ОАВ хабарларига кўра, уни колонияга қайтариб олиб кетишган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид