Япония дунёдаги энг сейсмик фаол ҳудудда жойлашган. Бу мамлакатда бир ойда ўртача 1 баллдан юқори 30 та, 4 магнитудадан юқори 15 та зилзила содир бўлади.

Японияликлар ер қимирлашига кўникиб қолган деса ҳам бўлади. Бу мамлакатда зилзила содир бўлганда нималарга эътибор бериш ва ўзини қандай тутиш ёшликдан ўргатилади. Барча ижтимоий объектлар, турли корхоналар ер қимирлаганда керак бўладиган ашёлар билан таъминланган.

Шундай бўлса ҳам, ҳар-ҳар замонда мамлакатда жуда кучли зилзилалар ҳам содир бўлиб туради ва улар турли вайронагарчиликлар келтириб чиқаради. 2011 йилда Фукушима АЭС жойлашган ҳудудга яқин жойда денгизда содир бўлган 9 балли зилзила ҳам Япония учун катта ҳалокатни келтириб чиқарганди.

Зилзила ва цунами

2011 йил 11 март куни маҳаллий вақт билан соат 14:46 да Япония шимолидаги Хонсю оролининг шарқий қисмида магнитудаси 9 баллга тенг зилзила содир бўлади. Зилзила эпимаркази Токиодан 373 километр шимолий-шарқда, Тинч океанида, денгиз сатҳидан 32 километр чуқурликда жойлашган эди. Зилзила оқибатида унинг эпимарказига яқин бўлган ҳудудларда кўплаб бинолар вайрон бўлиши билан бирга, кучли цунами юзага келади.

Фото: en.rian.ru

Бу цунами тўлқини ўша кунгача кузатилган тўлқинлардан бир неча баробар юқори бўлиб, у Япониянинг шимолий-шарқий соҳилларига катта зиён етказади. Кучли цунами Япониянинг 561 километр квадрат ҳудудини сув босишига сабаб бўлади. Шундан 327 километр квадрат ер майдони Мияги префектурасида, қолгани Фукушима ва Ивате префектуралари ҳудудида эди.

Цунамининг баландлиги Ивате префектурасидаги Мияко шаҳрида 40,5 метрга етади. Умумий ҳисобда цунами олтита префектурадаги 62 та шаҳар ва кўплаб қишлоқларга зиён етказади. Табиий офат оқибатида 15 минг 894 киши ҳалок бўлади, 2 минг 562 киши бедарак йўқолади. Ҳалок бўлганларнинг 93 фоизи цунами қурбонлари бўлган. Кейинчалик бу ҳалокатга японлар “Шарқий Япониядаги буюк зилзила” деган ном беришади.

Фото: delo.ua

Фукушима АЭСдаги ҳалокат

Зилзила сабабли юзага келган цунами шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилиш билан бирга кўплаб ижтимоий объектлар ва ишлаб чиқариш корхоналарига зарар етказади. Гарчи эпимарказдан 180 километр узоқликда жойлашган бўлса ҳам, бир тарафдан зилзила кучи, иккинчи томондан цунами тўлқини Фукушима префектурасида жойлашган Фукушима АЭСга ҳам жиддий зарба беради. Оқибатда АЭСда ҳалокат содир бўлади.