Жаҳон | 07:44 / 22.03.2022
33222
2 дақиқада ўқилади

Россия Япония билан тинчлик шартномаси бўйича маслаҳатлашувларни тўхтатди 

Фото: Bloomberg

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Токио томонидан Украинадаги воқеалар сабабли киритилган санкцияларга жавобан Япония билан тинчлик шартномаси бўйича маслаҳатлашувларни тўхтатди. Япония бош вазири Фумио Кисида Москванинг позициясини номақбул деб атади.

Япония бош вазири Фумио Кисида Россия Ташқи ишлар вазирлигининг тинчлик шартномаси бўйича маслаҳатлашувларни тўхтатиш ҳақидаги қарорини танқид қилди. Расмий Москванинг позицияси «адолатсиз» ва «мутлақо қабул қилиб бўлмас», деди Япония ҳукумати раҳбари. Россиянинг хатти-ҳаракатлари «статус-квони куч билан ва бир томонлама ўзгартиради», дея Кисида сўзларини келтирган AFP.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Япония билан музокараларни тарк этишини маълум қилган. Россия ТИВ маълумотларига кўра, Япония «очиқдан очиқ нодўстона позицияни» эгаллаб, Россия манфаатларига зарар етказмоқчи. Бундан ташқари, Россия Курил ороллари жанубида қўшма иқтисодий фаолиятни йўлга қўйиш бўйича Япония билан мулоқотдан чиқмоқда. 

Япония Европа иттифоқи, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлар ортидан Россия ҳарбийларининг Украинага киришига жавобан Россияга қарши санкциялар жорий қилди. 

Жанубий Курил тизмасининг ороллари Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи архипелаги Иккинчи жаҳон урушидан кейин СССР таркибига киритилган, аммо Токио 1855 йилдаги Шимода шартномасига таянган ҳолда бунга қарши эканини билдириб келади. 

1956 йилдаги совет-япон қўшма декларациясида СССР «яхши ният ишораси сифатида» Шикотан ва Хабомайни Японияга беришга тайёрлиги, аммо бу фақат тинчлик шартномаси имзолангандан кейин юз бериши айтилган. Бироқ Токио тинчлик шартномасини имзолашдан бош тортган. 

Мавзуга оид