Ўзбекистон | 07:45 / 25.03.2022
14086
3 дақиқада ўқилади

Мулкдор бузилган ва берилган уй-жойнинг бозор қиймати ўртасидаги фарқни тўламаслиги белгиланди

Фото: Kun.uz

Президент томонидан “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.

“Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси давлат герби тўғрисида”ги қонунларга, ЖКнинг 227-моддаси 2-қисми “а” бандига, ЖПКнинг 429-моддаси 2-қисмига ҳамда бошқа айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда, паспортлар билан бирга ID-карталар ҳам қабул қилинади.

Оила кодексига доимий яшаб турган жойи бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ўзгартиришларга кўра, “яшаб турган жойдаги” деган сўзлар ўрнига «доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойдаги» деган сўзлар қўлланилади. Бундан ташқари, қуйидагилар ўзгартирилди:

225-моддага кўра, энди ўлимни қайд этиш учун ФҲДЁ органига марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаб қилинмайди. 228-модданинг 4-қисмига кўра, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида тузилган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларига тузатишлар киритиш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш ариза берувчининг аризасида кўрсатилган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан амалга оширилади. Олдинги таҳририда, юқорида кўрсатилган далолатномалар ариза берувчининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органида кўриб чиқилар эди.
 
Уй-жой кодекси 27-моддасига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда, берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати ва бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати ўртасидаги фарқ мулкдор томонидан қайтарилиши талаб этилмайди. Илгари, бу фарқ уй-жой берилган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилган пайтдан эътиборан беш йил ичида мулкдор томонидан компенсация қилиниши лозим эди.

Солиқ кодекси 126-моддасига қўшимчалар киритилди. Уларга кўра, жисмоний шахсларни солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш уларга ваколатли орган томонидан идентификацияловчи ID-карталарни ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш билан бир вақтда амалга оширилади. Бунда солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганини тасдиқловчи алоҳида ҳужжат берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси юридик шахсини давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида у бир вақтнинг ўзида солиқ органларида ва давлат статистика органларида ҳисобга қўйилган ҳолда берилган давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганини тасдиқловчи ҳужжатдир.

Чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган чет эл юридик шахсларига (шу жумладан компаниялар ва бошқа корпоратив тузилмаларга) берилган солиқ тўловчининг идентификация рақами тўғрисидаги гувоҳнома солиқ тўловчининг рўйхатдан ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжатдир.

Мавзуга оид