Ўзбекистон | 11:11 / 28.03.2022
35077
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» ҳафталик об-ҳаво тўғрисида маълумот берди

Фото: Kun.uz

Бугун кундуз куни ҳудудларнинг катта қисмида қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, деб хабар берди “Ўзгидромет”.

Кундуз куни ҳаво 15-17 даража илиққача, жанубда 20-22 даража иссиққача кўтарилади. Республика шимолига Волгабўйи ҳудудларидан совуқ антициклон кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади, шамол тезлиги 18-23 м/с гача кучаяди.

Бугун кечга томон ва эртага антициклон кириб келиши барча ҳудудларга тарқалади. Республика бўйича (шимол ва чекка жанубдан ташқари) баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади, айрим жойларда шамол тезлиги 18-23 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Совуқ фронт ўтишида кундузи ҳарорат 7-10 даража илиққача пасаяди.

30 мартдан 1 апрелгача Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин. 30 мартда ҳаво ҳарорати кечаси 0-3 даража илиқ, баъзи жойларда 2 даража совуққача, кундузи 12-17 даража илиқ атрофида бўлади. 

Ҳафта охирига бориб, кечаси ҳарорат 5-10 даража илиққача, кундузи ҳаво 17-22 даража илиққача, жанубда 23-25 даража иссиққача кўтарилади. Тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Мавзуга оид