9 мингдан 20 минг долларгача: ДХХ ҳудудларда ер майдонларини ноқонуний сотишга уринганларни қўлга олди
Самарқанд, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида ер сотмоқчи бўлган шахслар ДХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.
Самарқанд шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро 2015 йилдa маҳаллий МЧЖга иссиқхона қуриш учун шаҳар ҳудудидан ажратилган 50 сотих ер майдонига нисбатан эгалик ҳуқуқини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 60 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтда ДХХ, Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси томонидан ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида ушбу ноқонуний олди-сотдига алоқадор бўлган яна бир шахс – сотилаётган ернинг эгаси бўлган МЧЖ таъсисчиси ҳам қўлга олинган.
Бошқа бир ҳолатда Иштихон туманида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг иш бошқарувчиси билан келишган ҳолда мазкур хўжаликнинг 8,5 гектар лалми ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 84 млн сўм олган вақтда ушланган.
Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида яшовчи 1980 йилда туғилган фуқаро ўзганинг ишончига кириб унга ўзини гўёки Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида фаолият юритувчи балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг раҳбари сифатида таништириб, ушбу хўжаликнинг 244 гектар ер майдонини юқори лавозимли танишлари ёрдамида аукцион савдолари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилади. У ушбу хизмати эвазига 250 млн сўмни “аванс” тарзида олган вақтида ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.
Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги фермер хўжалиги раҳбари 15 гектар ер майдонини 38 минг долларга сотишга келишиб, харидордан бўнак сифатида 10 минг доллар олган вақтда, яна бир ҳолатда эса 1971 ҳамда 1989 йилларда туғилган, муқаддам судланган икки шахс Янгиер шаҳридаги 3 гектар ерни тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 9 минг доллар олган чоғида ушланган.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда 10 гектар ерни 250 минг долларга сотмоқчи бўлган МЧЖ раҳбари, Қорақалпоғистонда 10 сотих ерни 10 минг, Бухорода эса 1 сотих ерни 2 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлганлар, Сирдарёда спорт майдончаси қуриш учун ажратилган 18 сотих ерни 18 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинганди.
Мавзуга оид
17:42 / 05.11.2024
Тошкент вилоятида МИБ, солиқ, божхона ходимлари пора билан ушланди
17:25 / 04.11.2024
Қашқадарё, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида беш нафар адвокат қўлга олинди
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
14:20 / 24.10.2024