«Ёшлик» маданият ва истироҳат боғида кўп йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлар паркнинг давлат-хусусий шериклик асосида бошқа тадбиркорга бериб юборилиши натижасида ишсиз қолишаётганини баён қилишди.

Kun.uz кўп йиллардан буён истироҳат боғида аттракционларни ишлатиб келган тадбиркорлар ва ДХШ лойиҳасини ютиб олгани айтилаётган жамият вакили билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳридаги ушбу боғ 2019 йил 10 майдаги «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 апрелдаги «Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида 2021 йилнинг 13 декабр куни тендерга қўйилган.

Бу ҳақдаги эълон Маданият вазирлиги ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг сайтига жойлаштирилган. Амалдаги қоидаларга кўра, Маданият вазирлигига хусусий ташаббускор «KIT AUTO» МЧЖ томонидан ташаббус таклифи, шу жумладан, лойиҳа концепцияси тақдим этилган.

«KIT AUTO» МЧЖ директори ўринбосари Фарҳод Абдуқодиров 45 кун давомида ушбу лойиҳага бошқа даъвогарлар чиқмагани учун тендер ўтказилмагани, натижада вазирлик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузилганини айтмоқда. Абдуқодировга кўра, у ишлаб турган жамият боғда қурилиш, жиҳозлаш ва ободонлаштириш ишлари учун 10 млрд сўм маблағ сарфлаши керак.

Абдуқодиров келгусида парк ҳудудини ўз ҳисобидан тўлиқ аттракционлар билан қамраб ололмаслигини яширмади. Ишлар якунлангач, паркда шу вақтгача фаолият олиб борган тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини маълум қилди. У гарчи тадбиркорлар 2022 йилда ҳам ижара шартномаси асосида ишлаб туришини бизга айтган бўлса-да, боғни 23 мартгача бўшатиб қўйишни сўраб, аллақачон тадбиркорларга огоҳлантириш хати юборилган.