Ўзбекистон | 08:21 / 01.04.2022
4384
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортида чет элликларга ҚҚС суммасини қайтариш тизими жорий этилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтишда харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш (tax free) тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2023 йил 1 январдан бошлаб чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон ҳудудида чакана савдо ташкилотларидан товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммасини қайтариш “tax free” тизими Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортлари ҳудудида тажриба тариқасида жорий этилади.

“Uzbekistan Airports” АЖ Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда “tax free” тизими операторларининг ҚҚС суммасини қайтариш махсус пунктларини қонунчиликда белгиланган тартибда Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортлари ҳудудида жойлаштирилиши чораларини кўради.

Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Туризм вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 сентябрга қадар “tax free” тизими ташкил этилиши самарадорлигини ўрганади ҳамда ўрганиш натижаларига кўра мазкур тизимни босқичма-босқич республиканинг барча халқаро аэропортлари, вокзаллари ҳамда божхона ҳудудидан ўтказиш пунктларида жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Давлат солиқ қўмитаси 2022 йил 1 августга қадар қуйидагиларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:

Давлат божхона қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда “tax free” тизими иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш имконини берувчи “tax free” тизимининг интеграциялашган ахборот дастури;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий ахборот маркази” давлат унитар корхонаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда “Tax free” тизимининг интеграциялашган ахборот дастурида махсус этикеткани расмийлаштириш ва уни чоп этиш имкониятини яратиш;

Молия вазирлиги билан келишган ҳолда “Tax free” тизими оператори бўлиш истагини билдирган юридик шахслар билан ўзаро келишув битимини тузиш тартиби ва шартлари;

“tax free” ёзуви туширилган стикерлар ва махсус этикеткаларнинг намунавий шакли.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид