Сурхондарёда сохта ДХХ ходими ушланди
У фуқаролардан бирига Тошкент шаҳридан уй ва машина олишда ёрдамлашишини айтиб пул олаётганда қўлга олинган.
Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, фуқаро Ғ.М. Бойсун тумани Кўчкок маҳалласида яшовчи Ф.Р.га ўзининг ДХХда ишлашини ва танишлари орқали Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини олиб беришини айтган. Бунинг учун у Ф.Р.дан 2022 йил 22 февраль куни 700 доллар олган.
2022 йил 7 март куни Ғ.М. фуқаро Ф.Р.га машина ҳам олиб беришини айтиб, ундан 400 доллар олади. Пуллар ҳам, уй ва машинадан ҳам дарак бўлавермагач, Ф.Р. вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
У аризасида Ғ.М. ҳозирги кунгача олган пулларини қайтариб бермаётганини, уйни номига расмийлаштириб бериш учун эса яна 1500 доллар сўраётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни ва етказилган зарарни ундириб беришни сўраган.
Мазкур аризага асосан, 2022 йил 31 март куни Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро Ғ.М. Сариосиё туманида ариза муаллифи Ф.Р.дан талаб қилинган 1 500 доллар кимёвий ишлов берилган пулларни олган вақтда қўлга олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Сариосиё тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2022 йилнинг 2 апрель куни Ғ.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд вилоятида сохта ИИБ ходими ушланганди.