Жаҳон | 14:18 / 06.04.2022
31024
2 дақиқада ўқилади

Москвадаги оммавий муштлашувдан сўнг 85 нафар ўзбекистонлик мигрант қўлга олинди

Москвада меҳнат мигрантлари иштирокида юз берган оммавий муштлашув юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси Ўзбекистон элчихонаси билан биргаликда ўрганиш ишларини бошлади.

Фото: Видеодан кадр

Агентлик хабарига кўра, 2022 йилнинг 1 апрель куни корхонада ишловчи икки ходим ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида муштлашув юз берган ва кейинчалик муштлашувга икки томондан ҳам ишчилар аралашиб кетган.
 
Иш берувчи вакиллари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда 85 нафар ўзбекистонлик ва 41 нафар тожикистонлик меҳнат мигрантлари ҳибсга олинган. Уларнинг 20 нафарига нисбатан депортация қилиш чораси қўлланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси элчихона билан биргаликда ваколатли ташкилотлар орқали мазкур масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўраётгани айтилган.

“Шу ўринда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиздан ушбу давлат қонунларига риоя қилишни, низоли вазиятларга аралашмасликни, муаммоли ёки низоли вазиятларда ваколатли органлар ҳамда мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги дипломатик идораларига мурожаат қилишни сўрайди”, дейилади расмий маълумотда.

1 апрел кунги оммавий муштлашув Москвадаги «Сердце столици» яшаш комплекси яқинидаги қурилиш майдонида содир бўлган.
 
ТАССнинг ўз манбасига таяниб ёзишича, полиция бўлимига муштлашувда қатнашган 120 киши олиб келинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид