Жаҳон | 21:09 / 13.05.2026
6337
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги фабрикада ўзбекистонлик ва бангладешлик ишчилар муштлашди

Санкт-Петербург яқинидаги паррандачилик фабрикасида оммавий муштлашув юз берди.

Фото: Belkin Alexey / Global Look Press

Россиянинг Ленинград вилояти, Киров тумани, Приладогский қишлоғидаги паррандачилик фабрикасида Ўзбекистон ва Бангладешдан борган ишчилар оммавий муштлашув уюштирди.

Можаро 12 май куни «Синявинский» паррандачилик фабрикасида содир бўлган. Муштлашувда 60 га яқин киши иштирок этган. 20 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 7 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бош бошқармаси маълумотига кўра, муштлашувдан сўнг 12 нафар «энг фаол иштирокчи» полиция бўлимига олиб кетилган.

Расмий хабарда улар 21 ёшдан 39 ёшгача бўлган Марказий Осиё давлатларидан бирининг фуқаролари сифатида кўрсатилган. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, можарога келиб чиқиши Ўрта ва Жанубий Осиёдан бўлган одамлар ўртасидаги оғзаки жанжал сабаб бўлган.

«Фонтанка» нашри корхонанинг ижрочи директорига қўнғироқ қилди. Муштлашув сабаблари, иштирокчилар ва жабрланганлар сони ҳақидаги саволларга у жавоб бермади ва суҳбатни тўхтатди. Кейинроқ у журналистларга воқеа «текширилаётгани»ни айтди.

Ҳодиса тафсилотлари аниқланмоқда. Полиция жиноий иш қўзғатиш масаласини ҳал қилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид