Ўзбекистон | 14:08 / 07.04.2022
23107
10 дақиқада ўқилади

“Бошқалар уни тушунса, аёл бахтли болаларни тарбиялайди” — Парижда яшаётган кинорежиссёр Саодат Исмоилова билан суҳбат

Францияда яшаб ўзбек маданиятини унутмаган, шу маданиятни акс эттирувчи фильмлар ишлаётган, Европада туғилган болаларига биринчи навбатда ўзбек тилини ўргатган ватандошимиз Саодат Исмоиловани Ўзбекистондан кўра четда кўпроқ танишади. У Kun.uz билан суҳбатда аёллар муваффақиятга эришишида оиланинг аҳамияти, ўзбек киносидаги муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди.

Саодат Исмоилова Тошкентда туғилган, айни пайтда Париж ва Тошкентда яшаб ижод қилади. Ўзбекистон санъат ва маданият институтини тамомлаб, Италиядаги “Фабрика” илмий-коммуникация марказида ўқишини давом эттирган.

Фото: Саодат Исмоилованинг шахсий архиви

Саодат Исмоилова томонидан суратга олинган “Орол: кўринмас денгизда балиқ овлаш” фильми 2004 йилда Италиянинг Торино халқаро фильм фестивалида энг яхши ҳужжатли фильм деб топилган. 2014 йилда эса унинг “Чилла” фильми Берлин халқаро кинофестивалида намойиш этилган. Булардан ташқари ҳам, ватандошимиз кўплаб халқаро кўргазмаларда қатнашган: унинг асарларида Марказий Осиё, Ўзбекистон ҳаёти тасвири устуворлик қилади.

Саодат Исмоилова шу ойнинг ўрталарида Венеция Биеналлеси – санъат кўргазмасининг асосий павильонида илк марта Ўзбекистон санъатини намойиш қилади. Июн ойида эса постсовет давлатлари орасидан ягона вакил сифатида Германиянинг Кассел шаҳрида ўтказиладиган “Документ” замонавий санъат кўргазмасида иштирок этади.

Кино ва санъат соҳасида Ўзбекистон номини халқаро даражада танитиб келаётган Саодат Исмоиловани Ўзбекистонда кўпчилик танимаслиги мумкин, лекин у Европада Ўзбекистонни танишлари учун ўз кино асарлари билан ҳисса қўшиб келмоқда. Саодат Исмоиловага берилган таърифларда унинг ўз киноасарлари орқали Марказий Осиё аёллари образини тадқиқ қилишига урғу берилади.

Фото: Саодат Исмоилованинг шахсий архиви

Саодат Исмоилова билан чет давлатда яшаб туриб, ўзбек маданияти ҳақида фильмлар суратга олишининг сабаби, миллатга ҳурмати ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашдик.

Мен улғайган оила

Ўзим ҳақимда гапиришдан олдин оилам ҳақида гапирмасам бўлмайди. Сабаби мен ва оилам тушунчалари бир-бирига боғлиқ. Дадам “Ўзбекфильм” киностудиясида оператор бўлиб ишлаган, фильмлар суратга олган. Онам эса Ўзбекистон тарихи ўқитувчиси. Бувим – отаси қулоқ қилиниб Туркистондан кўчирилган зиёли оиланинг фарзанди бўлган. Акам рассом, опам шифокор. Мен мана шу оиланинг кенжа фарзандиман ва тўкис меҳр-муҳаббат билан катта бўлганман.

Шунинг учун ҳаётда ўз йўлимни топишим учун курашишимга тўғри келмаган. Сабаби атрофимдагилар доим қўллаб-қувватлашган ва тушунишган. Дастлаб Маннон Уйғур номидаги театр институтида ўқиганман (кейинчалик бу институт тугатилиб, Санъат ва маданият институтига ўзгартирилган). Бу ерда биз рассомлар билан бирга ўқидик. Менимча, бу тўғри эди, сабаби ижодкорлар ўзлари мавжуд муҳитда ижодий тафаккурини ошириб боришади. Назаримда, идеал ҳолатда ижодий йўналишдаги университетлар: консерватория, театр, рассомчилик, кино йўналишидаги ОТМлар бир-бири билан боғлиқ бўлиши керак.

Тошкентда институтни тугатгандан сўнг Италиядаги “Фабрика” илмий-коммуникация марказига қабул қилиндим. Бу институтда кино мен ўзим ўқиган ОТМда ўрганган рамкадаги нарсадан бутунлай бошқача: ўзига хос, сирли, экспериментал билим усули ва энг муҳими тасвирлаш воситаси эканини англадим.

Бу ерда турмуш ўртоғимни ҳам учратдим, у мен учун нафақат оила таянчи, балки соҳамдаги профессионал ҳамдир. Ҳозир 2 нафар фарзандимиз бор, Парижда яшаяпмиз. Иккаламиз ҳам алоҳида фаолият олиб борамиз.

Фото: Саодат Исмоилованинг кўргазмасидан лавҳа

Европага йўл

Европага таълим олиш учун кетишим тасодифий бўлган. Мен доим Москвада ўқишни ўйлардим. Европа ҳам орзуларимда бор эди, бироқ менда моддий база, қолаверса, қайси таълим даргоҳига қандай мурожаат қилиш бўйича маълумот бўлмагани учун жиддий ўйлаб кўрмагандим.

Фото: Саодат Исмоилованинг шахсий архиви

Талабалик пайтидаги ишларимни устозим, кинорежиссёр, сценарист Юсуф Розиқов “Фабрика” марказига юборган ва уларни кино бўлими бошлиғи Марко Мюллер кўриб чиққан. Шундан сўнг “Фабрика” менга бир йиллик грант ажратди ва бу грант кейинчалик яна бир йилга чўзилди. Шундай қилиб Европага, Италияга келиб ўқишимни давом эттирганман ва бунинг учун тақдиримдан миннатдорман.

Аёллар образи ҳақида

Мен ижодий ишларимда ўрта осиёлик аёллар образини ўрганишга алоҳида қарор қилмаганман. Қаҳрамони ўғил бола (“Икки уфқ”), йўлбарс (“Сеҳрланган”) ёки дарё (“Жайхун сирлари”) бўлган ишларим ҳам бор. Менимча, одамлар кўпроқ “Чилла”, “Зуҳра” фильмларим ва “Қирқ қиз” театрлаштирилган мусиқий спектаклларимдан хабардор бўлишса керак.

Фото: Саодат Исмоилованинг кўргазмасидан лавҳа

Албатта, ўзим аёл киши бўлганим, бувим, онам, опамга яқин бўлиб улғайганим, ҳозир эса қизим борлиги учун аёллар ҳикоялари, уларнинг дунёлари менга яқин. Аёлни унинг ич-ичидан тушуна оламан, шунинг учун бу мавзу менга қулайроқ ва ўзимга бўлган ишончни кўпроқ ҳис қиламан. Лекин фақат Ўзбекистон тарихига шўнғиб кетиш билан чегараланиб қолмасдан чегара ва чекловларсиз бутун минтақани тадқиқ этиш мен учун муҳим.

Ўзбек аёлининг ўқиши муҳим

Ўзбек аёли бошқалардан нимаси билан ажралиб туради, тўғриси билмайман. У ҳам ҳаётининг кейинги босқичлари ҳақида, бекам-кўст яшаш ҳақида орзу қиладиган дунёдаги бошқа аёлларга ўхшаш. Ўзбек аёли куйлаётган қўшиғи, тили, ўз либослари ва пишираётган қатламаси – мана шулар мавжуд бўлган манзарада менга кўпроқ яқинроқдир.

Фото: Саодат Исмоилованинг кўргазмасидан лавҳа

Ўзбек аёллари таълим-тарбиясига кўпроқ эътибор қаратиш лозим деб ўйлайман. Ўқимаган аёллар гуллаб-яшнамайди, ривожланмайди, улар кундалик ва ибтидоий муаммолар орасига сингиб кетиши мумкин. Афсуски, ўзбек қизларининг ўзларига ишонмасликлари – мен кузатган камчиликлардан бири.

Болаларим соф ўзбек тилида гаплаша олади

Катта фарзандим – қизим Барселонада туғилганда у билан ўзбекча ёки русча гаплашиш танлови бор эди. Шубҳасиз, рус тили кўпроқ фойдали: бу тилда ўзбек тилига қараганда кўпроқ одам гаплашади. Бироқ мен ички интуициям сабаб бирорта русча сўз айта олмаганман. Ҳозир қизим 15 ёшда, у ўзбек тилида акцентсиз гапира олади, тошкентлик дўстларим ҳам кўриб ҳайратланишади.

3 ёшли ўғлим ҳам ўзбек тилида гаплаша олади, чунки қизим иккимиз унга ўзбек тилида гапирамиз.

Биласизми, тил – жуда нозик нарса. Буни шеърият мисолида кўриш мумкин. Масалан, мен русча шеър ўқисам, миям ишлайди ва унинг маъносини, барча нюансларини тушунаман. Бироқ ўзбекча ва ҳатто форсча шеър ўқисам ҳам, ундаги барча сўзларни тушунмай қолсам-да, ҳар бир вергул, ҳатто пробелгача ҳис қиламан.

Тил бизни белгилаб беради. У нафақат ўйлаган фикрларимизни ифодаловчи интеллектуал восита, балки дунёқарашимиз ва сезгирлигимизни ҳам кўрсатиб берувчи товушлардан иборатдир. Одатда, рус ва инглиз тилларида адабиётлар, маълумотлар ўқийман. Бироқ мен учун болаларимга улар билан Марказий Осиёнинг бир парчаси бирга яшаётганини доим ҳис қилиб яшашларини англатиш муҳим, бу – ватаним олдидаги ички қасамёдим.

Ўзбекистонда кино мактаблари йўқ

Ўзбек киносини жуда яқиндан кузатмайман. Йирик лойиҳаларни ҳисобга олмаса, жараённи тўла таҳлил қила оладиган даражада ўрганиб чиқмаганман. Лекин муҳими, давлат кино соҳасига эътибор қаратяпти. Қолаверса, Тошкент кинофестивали тиклангани ҳам одамни хурсанд қилади.

Бироқ таълимга жуда кўп нарса боғлиқ. Ҳозир нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда киномактаб мавжуд эмас. Кино касса учун ёки мафкуравий мақсаддагидан фарқли, бутунлай хилма-хил бўла олиши мумкинлиги ҳақида тушунча йўқ. Кино, биринчи навбатда, санъат.

Биласизми, кино жамиятни шаффоф тарзда акс эттира олади, ундан ҳеч нарсани бекитиб бўлмайди.

Шу ўринда ёш киноижодкорларга ўзимизнинг ва қўшни давлатларнинг кино меросини қайта кўриб чиқишларини тилардим. Сабаби ҳозир бизда ўзимизга умуман алоқадор бўлмаган фильмларга тақлид қилиш истаги туфайли бузилган кино тили пайдо бўлган.

Оила ва иш мувозанати

Мен учун ҳар қанақа ҳолатда ҳам оила – энг муҳими. Турмуш ўртоғим мени ҳар доим қўллаб-қувватлайди, албатта, бу кўп нарсани англатади ва шунинг учун ўзимни омади келган деб ҳисоблайман. Ўзимнинг ривожланишим мени қўллаб-қувватлаш ва тушунишлари билан боғлиқ деб биламан ва бу жуда муҳим. Профессионал фаолиятим ва оилам ўртасида ҳеч қандай низоли ҳолат йўқ, назаримда.

Фото: Саодат Исмоилованинг шахсий архивидан

Атрофдагилар уни тушунса, она фақат бахтли ва ақлли болаларни тарбиялайди, бундай болалар нигоҳи таълимга қаратилган бўлади. Қолаверса, тушуниб қўллаб-қувватланган аёлнинг ёнида худди шундай эркак бўлади. Бу жараёнда кўп нарса эркакка боғлиқ. Ёки аксинча, оила эр-хотин бир-бирини тўлдириб, қўллаб-қувватлайдиган жамоа.

Яқин келажакдаги режалар

Яқин орада, апрелнинг ўрталарида Венеция биеналлеси – санъат кўргазмасининг асосий павильонида илк марта Ўзбекистон санъатини намойиш қиламан. Июн ойида эса постсовет давлатлари орасидан ягона вакил сифатида Германиянинг Кассел шаҳрида ўтказиладиган “Документ” ўн бешинчи замонавий санъат кўргазмасида қатнашаман.

Ундан кейин нимани режалаштиришим ўшанда аниқ бўлади. Балки иккинчи бадиий фильмимни суратга олишни бошларман ёки бошлаб қўйган эссемни суратга олишни давом эттираман.

Фото: Саодат Исмоилованинг шахсий архиви

Энг муҳими эса асосий кўргазмаларни ўтказиб олгач, уйда болаларим билан хотиржам бўлиб вақт ўтказишни хоҳлайман.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид