Шавкат Мирзиёев йўллар сифатини яхшилаш бўйича топшириқлар берди
Янги қурилаётган цемент-бетон қопламали йўллар сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш Бош прокуратурага топширилди.
Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни кун тартибидаги масалалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
«Бугун муҳокама қиладиган учта масаламиз бевосита инсон қадри билан боғлиқ, халқимизни рози қилишга қаратилган. Уларни бажармасликка ҳеч қайси раҳбарнинг ҳаққи йўқ.
Кун тартибидаги биринчи масалада ички йўллар сифатини яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни муҳокама қиламиз.
«Ташаббусли бюджет» портали орқали аҳолидан тушган 20 мингта ёки жами таклифларнинг 25 фоизи ҳам ички йўлларни яхшилаш билан боғлиқлиги масаланинг долзарблигини кўрсатмоқда», деди давлат раҳбари.
Бу борада Андижон тажрибаси кўрсатиб ўтилди. Вилоятдаги цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан кластер ташкил этилиб, олис ва чекка маҳаллалардаги 23 километр қум-шағал йўллар цемент-бетон қопламага ўтказилди.
Ушбу 31 та маҳаллада асфальт-бетон ўрнига цементдан фойдаланиш орқали қурилишдан 600 миллион сўм иқтисод қилинди. Бу ишларнинг ҳисобига 350 минг долларлик битум импорти учун маблағ тежалди.
Энг асосийси, кластер ўзи қурган йўлларни 10 йил давомида кафолатли сақлашни зиммасига олган.
«Ҳар бир вилоятда йирик цемент корхоналари ва хусусий корхоналар билан биргаликда йўл қуриш ва эксплуатация кластерларини ташкил этиш орқали ички йўлларнинг эгасини топиш бўйича топшириқ берган эдим.
Бу борада Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё ва Навоийдаги ишлар аҳволи қолган ҳудудларга қараганда ҳали суст», деди президент.
Бу ҳудудлар ҳокимларига масаланинг ичига кириб, жиддий шуғулланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
2022 йилда 2 минг 300 километр, шу жумладан Андижонда 270 километр, Фарғонада 200, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида 190, Навоий, Наманган ва Самарқандда 180, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарёда 170, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 160, Сирдарёда 150 километр цемент-бетон қопламали ички йўлларни барпо этиш вазифаси қўйилди.
Бунинг учун 2022 йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 миллион тоннага кўпаяди. Яъни жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланиши таъкидланди.
Бош прокуратурага янги қурилаётган цемент-бетон қопламали йўллар сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Шу билан бирга, Бухоро, Сирдарё, Хоразм вилоятларида цемент корхоналари мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан «Ўзбекистон темир йўллари» ушбу вилоятларда йўл қуриш учун темир йўл орқали цемент ва шағал ташишга 50 фоиз чегирма берадиган бўлди.
Йиғилишда йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 1 майдан бошлаб йил якунига қадар импорт қилинаётган цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилиниши белгиланди.
Мазкур ишларга қўшимча 500 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Жорий йилда халқаро молия ташкилотларидан 80 миллион, келгуси йилда бу ишларни кенгайтириш учун 200 миллион доллар маблағ жалб қилиш чоралари кўрилади.
Пойтахтда ҳам 250 километр цемент-бетон қопламали йўллар қурилади. Бу ишлар учун Тошкент шаҳри маҳаллаларини обод қилишга ажратилган 1 триллион сўмга яна 200 миллиард сўм йўналтиради.
Булардан ташқари, 2022 йилда туман марказлари ва шаҳарларда 670 километр пиёда ва велосипед йўлаклари барпо этиш режа қилингани, улар ҳам цемент-бетондан бўлиши кераклиги айтилди.
Март ойида 25 кун давом этган ёғингарчилик дренаж тизимидаги камчиликларни кўрсатган, шу боис ушбу йўлакларни лойиҳалашда лотоклар қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Мавзуга оид
18:29 / 21.10.2024
Президент Тошкентдаги дренаж тизими борасида қатъий эътироз билдирди
21:11 / 17.09.2024
“Кўп нарса молиялаштиришга боғлиқ” — Тошкентни тошқинлардан қутқариш режаси тайёрланмоқда
13:18 / 13.08.2024
Солиқ қўмитаси йирик корхоналарнинг маҳаллий бюджетга тўловларини ҳисобга олиш тартибини жорий қилади
18:00 / 12.08.2024