“Она, мен ўламанми?”: оққонга чалинган болалар хавотири
Кичкина жуссасида катта дард билан яшаётган бу болаларнинг ҳадик ва хавотирлари аримайди. Оққон қаршисида хаста вужудлари ва катта орзулари билан туриб, соғайишга умид қилишади.
“Касаллигини билган қизимнинг “Она, мен ўламанми?” деган саволи ҳамон қулоғимда жаранглайди. Ҳозир бурни қонаса қалтироқ тутади қўрқувдан”,- дейди қизалоқнинг онаси.
Она, мен ўламанми?
Одинанинг беғубор кўзларида хасталикдан хавотир, ўзининг дардидан кўра онасининг кўзёшидан ўкинч мужассам. Қизга ҳар ойда қон қуйиш орқали унинг ҳаёти сақлаб қолинади. Онаси Шоҳиста Маматқулова қизига илик кўчириш операцияси тавсия қилинганлигини айтади:
“Шифокор қабулига борганимизда бехосдан унинг гапларини эшитган экан, чиққанимиздан кейин: “Она, мен ўламанми?” деб савол берди. Таскин бердик, тушунтирдик, лекин ҳалигача ўша гаплари қулоғимга жаранглайди. Ҳозир бурни қонаса қалтироқ тутади қўрқувдан. Ўзига келтиргунча тамом бўламиз”.
Одина Раҳимжоновага оид маълумотлар:
Ўзкард: 8600 0610 7749 6957 онаси Шоҳиста Маматқулова номида
Ўғлим ёлғизгина боласининг аҳволидан қаттиқ стрессга тушган
4 яшар боланинг дарддан изтиробли сўзларидан ота-онаси-ю, бувисигача аросатда қолишади. Бухоронинг Қоровулбозор туманидан келиб, пойтахтда ижарада кун кечираётган оила болажоннинг шифо топишидан умид билан яшайди.
“Ўғлим ёлғизгина боласининг аҳволидан қаттиқ стрессга тушган. Икки йил фарзанд кўрмай тилаб олган фарзанди эди”, деганча йиғлайди бемор боланинг бувиси Қурсия опа.
Рустамжоннинг отаси Тошкентда кунлик ишлар билан шуғулланади. Унинг топгани ҳам рўзғорга, ҳам ижарага, ҳам болакайнинг парваришига етмаслиги аён. Шунинг учун оилага моддий ёрдам зарур.
Рустамжон Ҳасановга оид маълумотлар:
Ўзкард: 8600 0203 4820 3667 бобоси Ҳасан Бозоров номида
Бир боламни йўқотгандим, яна йўқотишни истамайман
Абдуллоҳ 12 ёшда. Бу ёшда болалар ўйнаб чарчамайдиган, шўх-шодон болалик даврини ўтказиш билан банд бўлишади. Аммо Абдуллоҳ билан бундай бўлмайди. Чунки боланинг танасида унинг барча умидларини пучга чиқарувчи дард бор.
Беморнинг онаси Одина Жакбарова бир фарзанддан айрилиб юраги зада бўлганлардан: “Гематологияда даволаняпмиз. Фақат деразадан ташқарига қараб, ўзига гапириб ётади. Бу ҳолатни кўриш осонмас. Бир боламни йўқотгандим, яна йўқотишни истамайман”.
Оила бошлиғи хорижда ишлаб боласини даволатиш учун пул юборади. Лекин барибир оиладаги моддий тақчиллик ўз таъсирини кўрсатмай қўймаяпти.
Абдуллоҳ Маннабовга оид маълумотлар:
Ўзкард: 8600 0417 3896 9782 отаси Исмоилжон Жакбаров номида
Отаси тирик бўлганда билинмаган экан. Бировни ака, бировни ука дейман...
Отабекка оққон нотаниш эмас. Бундан 6 йил муқаддам шу ташхис қўйилган ва йиллар давомида даволаш муолажалари олиб соғая бошлаган эди. Орада бола отасиз қолишдай кулфатни бошдан кечирди: отаси вафот этиб, икки фарзанд онасининг қарамоғида қолишди.
“Турмуш ўртоғим вафот этгач рўзғор юки ўзимнинг елкамга тушди. Ишга кириб, бир куни ишдан қайтсам ўғлимни ит тишлаб олган экан. Шу сабаб яна қайталаб қолиб, ҳамма муолажаларни қайтадан олишга мажбур бўляпмиз.
Отаси тирик бўлганда билинмаган экан. Боламни даволатиш учун ҳамма нарсага ўзим югуряпман. Бировни ака, бировни ука дейман”, дея ўкинади онаизор.
Отабек Маҳамаджоновга оид маълумотлар:
Ўзкард: 8600 0609 8905 4136 онаси Матлуба Қодирова номида
Ҳумо: 9860 1301 7425 0337 опаси Муслима Маҳамаджонова номида
Доим муҳтожларни қўллаган, беморларга шифо тилаган халқмиз. Бугун эҳсонлар ҳам, ажрлар ҳам икки карра ошиғи билан бериладиган пайтда ҳам улар учун кўмакни дариғ тутмайлик.
Мавзуга оид
22:50 / 08.10.2024
Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон уч ойда 378 минг евро тўплади
13:08 / 31.08.2024
АҚШда шаҳар ҳокимияти 12 ёшли боланинг хайрия дўконини ёпди. Аҳоли бола учун 20 минг доллар йиғиб берди
08:23 / 20.08.2024
Ўзбекистонда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади
13:19 / 03.07.2024