Жамият | 20:30 / 10.04.2022
16201
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Mercedes-Benz машинаси ёниб кетди

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида 10 апрель куни Mercedes-Benz машинасида ёнғин содир бўлди. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, соат 13:43 да Мустақиллик шоҳкўчасида ҳаракатланиб кетаётган автомобилда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган. Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 13:49 да ёнғинга етиб бориб, ҳолат 13:52 да бартараф этилган.

Ёнғинда автомобилнинг мотор ва салон қисми ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ёнғиннинг келиб чиқиш сабабини маълум қилди.

«Дастлабки маълумотларга кўра, 2022 йил 10 апрель куни соат 13:40 ларда Тошкент шаҳри М.Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳкўчаси Пушкин метро бекати қаршисида, ҳайдовчи, 1985 йилда туғилган О.О. бошқарувида бўлган Mercedes-benz GL 500 русумли автомобилнинг двигатель қисмида электр симларида қисқа туташув сабабли ёнғин юзага келган», дейилади хабарда.

Мавзуга оид