«Ҳудудларнинг дори воситалари билан таъминланганлик ҳолати мутлақо қониқарсиз» — президент
Президент ҳузурида фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказилмоқда.
Йиғилишда маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида мамлакатда дори воситалари ишлаб чиқаришни 3 бараварга ошириш вазифаси қўйилган. Бу борада январда беш йиллик дастур ҳам қабул қилинди.
«Лекин соҳада ишларнинг бугунги ҳолати билан бу марраларга эришиб бўлмайди», деди давлат раҳбари.
Мамлакатда йилига 1,6 миллиард долларлик 1,5 мингдан зиёд турдаги фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади.
Шундан 647 турдаги дори ва тиббий буюмлар ўзимизда ишлаб чиқарилгани билан, ҳар йили қарийб 1,2 миллиард долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда.
Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғонада истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2-5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади.
«Ҳудудларнинг дори воситалари билан таъминланганини таҳлил қилдим – бу мутлақо қониқарсиз. Шунинг учун ўзимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларини кўпайтириш бўйича кескин чоралар кўришимиз шарт», деди президент.
Президент топшириғига кўра барча фармацевтика корхоналари билан учрашувлар ўтказилди. Улар томонидан 50 га яқин муаммо кўтарилди. Мисол учун:
- тиббиёт муассасалари томонидан давлат харидларида дори воситаларини “савдо номи” билан жойлаштириш, бир неча дориларни битта лотга қўйиш ҳолатлари мавжуд;
- маҳаллий ишлаб чиқарувчилар амалиётда 15 фоизлик нарх преференциясидан фойдалана олмаяпти;
- ташқи омиллар ҳисобига 150 турдаги аҳоли учун керакли дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжуд;
- корхоналар билан маҳсулотини 3 йил давомида кафолатли сотиб олиш (офтейк) тизимини жорий қилиш бўйича амалий ишлар бошланмади.
Бундан ташқари, ички бозорда қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилгани йўқ.
Мисол учун, 2021 йилда 24 турдаги қалбаки, 400 турдаги сифатсиз, 1,5 мингдан зиёд номдаги контрафакт ва 2,5 минг номдаги рўйхатдан ўтмаган дори ва тиббиёт буюмлари савдоси аниқланган.
Бош прокуратурага бу борадаги назоратни кучайтириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозимлиги таъкидланди.
Бу фақат Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг иши эмаслиги, балки:
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабни шакллантириши ва сифатли маҳаллий дориларни қидириб топиши;
- Молия вазирлиги кафолатли давлат харидларини жорий қилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириши;
- Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, лойиҳаларни кўпайтириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
«Агар вилоят ҳокимлари 200 дан зиёд фармацевтика корхоналари билан учрашиб, масаланинг ичига кирганида эди, кўп муаммолар жойида ҳал бўларди», деди президент.
Мавзуга оид
11:40 / 16.10.2024
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорига ўринбосар тайинланди
20:04 / 14.10.2024
Чилонзорда салкам 44 минг долларга қалбаки дори сотганлар ушланди
23:02 / 10.10.2024
Британия компанияси Zantac дориси туфайли киритилган даъволарга 2,2 млрд доллар тўлайди
23:11 / 27.09.2024