18:34 / 12.04.2022
12141

Жаҳонгир Ортиқхўжаев шахмат бўйича жаҳон чемпионига президент номидан Spark совға қилди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шахмат бўйича 3 карра жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддиновга президент номидан Spark автомобилини совға қилди.

Кеча, 11 апрель куни пойтахтнинг Сергели туманида фуқаролар қабулини ўтказган Жаҳонгир Ортиқхўжаев шахмат бўйича 3 карра жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддиновни ҳам қабул қилди. Ҳоким шахмат устасининг илтимосига кўра, Сергелидаги парк шахмат мактаби қуриб берилишини, у ерда бемалол, ижара ҳақи тўламасдан ўқувчиларга шахмат ўргатиши мумкинлигини айтди.

«Унгача, мактабни гаплашинглар, токи янги бино битгунча ишлаб туринглар. Янги мактабда ишлаб турасиз, кейин бу ёққа кўчасиз. Ҳеч қанақа солиқ тўламайсиз», - деган шаҳар ҳокими.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ундан машина ҳайдай олиши ҳақида сўрайди. Ижобий жавоб олгач: «Мана шунга эртага  Spark совға қилинглар, президентнинг номидан», - деган Ортиқхўжаев.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эълон қилинган видеода шахмат устаси номига янги Spark автомобили расмийлаштириб берилгани акс этган.

Top