РФ ҳарбий-денгиз кучлари Қора денгиз флоти флагмани — «Москва» ракета крейсерида 13 апрель куни ёнғин юзага келган. Украина нашрлари ва сиёсатчилар крейсерга Украинада ишлаб чиқарилган иккита «Нептун» ракетаси билан зарба берилгани ҳақида хабар қилишган. РФ мудофаа вазирлиги крейсерда ёнғин чиққани, натижада ўқ-дорилар портлай бошлагани ҳақида маълум қилган. Вазирлик ёнғин чиқишининг сабабини маълум қилмаган, фақат сабаблар «ўрганилаётгани»ни билдирган.
«Москва» крейсерига ракеталар билан зарба берилгани ҳақида Москва вақти билан 13 апрель куни соат 21:00 да фейсбукда украин журналисти Серж Марко хабар қолдирган. Кейинроқ «Украинская правда» нашрининг Украина разведкаси ва Одесса области ҳарбий маъмуриятидаги манбалари бу маълумотни тасдиқлаган, манбалар крейсердаги ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлинганда ҳам «яқин йилларда у жанговар шай ҳолатда бўлмаслиги»ни айтишган.
14 апрелга ўтар кечаси крейсер бортидаги ёнғин ҳақида РФ мудофаа вазирлиги ҳам маълумот берди. Хабарда крейсер бортидаги ёнғин туфайли ўқ-дорилар портлай бошлагани айтилган. «Корабль жиддий шикастланган. Экипаж тўлиқ эвакуация қилинган», — дейилади вазирлик хабарида. Бундай формулировка крейсер сафдан чиққанини англатади, чунки экипажнинг мажбуриятлари кемани сақлаб қолиш мумкин бўлган вақтга қадар кемада курашни давом эттиришни ўз ичига олади.
14 апрель куни кундузи РФ мудофаа вазирлиги «Москва» крейсеридаги ёнғин ўчоғи бартараф этилгани, ўқ-дориларнинг портлаши ҳам тўхтаганини айтди. «Москва» крейсери сузиш ҳолатида, уни шатакка олиб портга олиб келиш режалаштирилмоқда. Асосий ракета қуроллари сақлаб қолинган», дейилган вазирлик хабарида.
Вазирлик ҳодиса оқибатида жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар борлиги борасида аниқлик киритмаган. Корабл бортида экипажнинг 680 нафаргача аъзоси бўлгани тахмин қилинмоқда. Россия нашрларининг турли йиллардаги хабарларида крейсер экипажи 416 ёки 510 кишини ташкил этиши айтилган.
Украиналик ҳарбийлар ҳозирча крейсер билан боғлиқ вазият бўйича изоҳ беришмади. Украина қуролли кучлари Бош штабининг эрталабки маълумотномасида «Москва» ёки бошқа қандайдир рус ҳарбий корабли тилга олинмаган.
Ҳодиса вақтида крейсер Қора денгизнинг айнан қаерида бўлгани маълум эмас. «Радио Свобода» маълумотига кўра, 10 апрель куни корабль Севастополда эди. РФ мудофаа вазирлиги ва Россия ахборот агентликлари кораблларнинг жойлашуви бўйича маълумот бермай келади. «Украинская правда» манбаси крейсер «Змеиний оролидан 20 миль масофада бўлган», бу вақтда денгизда кучли шторм кўтарилган. Украина томони «Москва» крейсери Одесса области яқинидаги Змеиний оролини эгаллаш амалиётида иштирок этгани ва украин ҳарбийлари томонидан «Русский военный корабль, иди *****!» ибораси айнан шу кемага қарата айтилганига алоҳида эътибор қаратмоқда.





















