Украинлар Қора денгизда русларнинг яна бир кемасини чўктирганини айтмоқда. Бу ҳақда нималар маълум?
Украина қуролли кучлари Бош штаби 14 феврал тонгида Қора денгизда Россиянинг «Цезар Куников» катта десант кемасига ҳужум қилингани тасдиқланган баёнотни эълон қилди. Россия мудофаа вазирлиги ҳозирча бу маълумотга изоҳ бермаган, Кремлдагилар изоҳ беришдан бош тортган.
Украина қуролли кучлари Бош штаби тасдиқлашича, украин армияси ва разведка хизмати РФ Қора денгиз флотининг «Цезар Куников» катта десант кемаси чўктириб юборилган. «Зарба берилган вақтда у Алупки яқинида, Украина ҳудудий сувларида эди», — дейилади Бош штаб баёнотида. Кема йўқ қилингани ҳақида дастлаб «Украинская правда» Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасидаги манбасига таяниб хабар берганди. Нашр суҳбатдоши бу разведкачилар ўтказган амалиёт бўлгани ва ҳужум натижасида кема чўкиб кетганини айтган. Украинадаги «Кримский ветер» телеграм-канали гувоҳлар томонидан олинган видеоларни жойлаштирган: улардан бирида денгизда нимадир ёнаётгани, бошқаларида сув устида вертолётлар учаётгани акс этган.
Украина разведкаси «Цезар Куников» кемасига ҳужум қилиниши кўрсатилган видеони намойиш этди. Видеоёзувда бир вақтнинг ўзида бир нечта денгиз дронлари кемага ҳужум қилаётгани, ташқи белгиларига кўра у «Цезар Куников» ҳам мансуб бўлган 775-проектдаги йирик десант кемаси эканини кўриш мумкин. Видео ўрталарида портлаш акс этади, охирида эса кема бир томонга оғаётгани кўринади.
Бош разведка бошқармасидагилар кемага Magura V5 русумли денгиз дронлари ҳужум қилганини маълум қилган. «Якунда „Цезар Куников“нинг чап томонида критик тешиклар пайдо бўлди ва у чўка бошлади», — дея хабар берган украин разведкаси. Бошқарма вакиллари қидирув-қутқарув амалиёти «муваффақият келтирмагани»ни таъкидлаган.
Ҳужум вақтида кемада қанча одам бўлгани номаълум. Очиқ маълумотларга кўра, «Цезар Куников» экипажи 87 кишини ташкил этади. «Кримский ветер» телеграм-канали гувоҳларга асосланиб хабар қилишича, кемага ҳужумдан кейин ҳалок бўлган ва ярадор денгизчилар тиббиёт автобусларида Севастополга етказилган, уларга йўл-патрул хизматининг кўплаб машиналари ҳамроҳлик қилган. Аннексия қилинган Қрим ва Севастопол расмийлари бу маълумот юзасидан изоҳ бермаган.
Россияликларнинг «Два майора» телеграм-канали эса «экипажнинг барча аъзолари тирик» экани ҳақида ёзган. Z-блогерлар рўй берган ҳолат масъулиятни Қора денгиз флоти раҳбарияти зиммасига юкламоқда, «Военний осведомител» канали муаллифи шу раҳбарият туфайли флот кемалари «ҳамон таҳдидларга мос равишда ҳимояланмагани ва каклик каби ўққа тутилаётгани»дан норозилик билдирган.
Украин разведкаси ҳужум бошқарманинг «Группа 13» номли денгиз дронлари операторлари гуруҳи томонидан амалга оширилганини маълум қилган. Украина томонига кўра, бу гуруҳ «Ивановец» ракета кемаси, «Сергей Котов» патрул кемаси, «Адмирал Макаров» фрегати — жами бешдан ортиқ кемаларга қилинган ҳужумларга алоқадор бўлган.
РФ мудофаа вазирлиги ҳозирча «Цезар Куников» кемасига денгиз дронлари ҳужум қилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирмади. 14 феврал тонгида Россия ҳарбий идораси навбатчиликдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Қора денгиз акваторияси устида самолёт типидаги олтита дронни уриб туширгани ҳақида хабар берган.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков матбуот учун брифинг вақтида Россиянинг Қора денгиздаги кемалари бўйича барча саволларни РФ мудофаа вазирлигига бериш даркорлигини маълум қилган. «Бу тўғридан тўғри махсус ҳарбий амалиётнинг бориши билан боғлиқ. Табиийки, бу фақатгина мудофаа вазирлиги ваколатида. Мен сизларга ҳарбий ҳамкасбларимизнинг баёнотларига таянишни таклиф қиламан. Мен бу борада сизга ҳеч нарса айта олмайман», — деган Кремл вакили.
«Цезар Куников» кемаси РФ Қора денгиз флоти таркибига 1986 йил сентябрида «БДК-64» номи остида қўшилган. Уч йил ўтиб унинг номини ўзгартиришган — кема совет иттифоқи қаҳрамони, 81 йил муқаддам, 1943 йил 14 февралида ҳалок бўлган Цезар Куников шарафи номланган. Кема Косовода хавфсизликни таъминлаш бўйича амалиётда (1999 йил) ва Россия-Гуржистон урушида (2008) қатнашган, шунингдек фуқаролик уруши вақтида (2015) Сурия армиясига ёрдам берган. 2022 йил мартида «Цезар Куников» ва «Новочеркасск» йирик десант кемалари украинларнинг Бердянск портига йўллаган авиазарбаси вақтида шикастланган, ўша ҳужум вақтида Россиянинг «Саратов» йирик десант кемаси чўкиб кетганди. Кейинроқ, 2023 йил декабрида амалга оширилган ҳужум вақтида «Новочеркасск» ҳам Феодосия портида турганида Storm Shadow ракеталари орқали чўктириб юборилди.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024