Қрим яқинида «Сергей Котов» кемасига ҳужум. Бу ҳақда нималар маълум?
Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси 5 мартга ўтар кечаси Қрим соҳиллари яқинида денгиз дронлари Россиянинг «Сергей Котов» номли патрул кемасига ҳужум қилгани ва чўктириб юборгани ҳақида маълум қилди.
«Душман анчадан буён бу патрул кеманинг изига тушганди»
Россиялик ҳарбий блогерлар ҳам «Сергей Котов» кемасига ҳужум ҳақида хабар берган ва портлаш видеосини тарқатган. Россия мудофаа вазирлиги ва бошқа расмий манбалар вазият юзасидан изоҳ бермаяпти. Тунда Қрим кўприги бўйлаб ҳаракат саккиз соатга тўхтатилган.
«Душманнинг „Сергей Котов“ кемаси яксон этилди», — дейилади Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси телеграм-каналида жойлаштирилган баёнотда. Украин ҳарбийлари бунинг исботи сифатида кемага ҳужум жараёни акс этган видеони намойиш этган.
Украин разведкасига кўра, 5 мартга ўтар кечаси бошқарманинг Group 13 номли махсус бўлинмаси украин ҳарбий-ҳаво кучлари билан ҳамкорликда ва Украина рақамли трансформациялар вазирлиги «кўмагида» Қора денгиз флоти патрул кемасига ҳужум қилган.
Бошқарманинг тасдиқлашича, Magura V5 денгиз дронлари бориб урилиши оқибатида россияликларнинг 22160 проекти бўйича ишлаб чиқарилган «Сергей Котов» кемасининг қуйруқ қисми, шунингдек ўнг ва чап бортлари шикастланган. Пресс-релизга кўра, ҳужум «Керч бўғози яқинида» ўтказилган.
Ҳужум ҳақида россиялик «ҳарбий мухбирлар» ҳам хабар қилди. Хусусан, Александр Коц телеграм каналида, «душман ушбу патрул кемани анчадан буён таъқиб қилиб келгани» — «расмий ҳисоботларнинг ўзида унга камида уч марта экипажсиз катерлар билан ҳужум қилингани» ҳақида маълумотлар қайд этилганини айтган.
Коцнинг маълумотига кўра, 2023 йил сентябрида «Сергей Котов» патрул кемаси украинларнинг бешта экипажсиз катерлари (БЭК) ҳужумини қайтарганди. «Аммо, афсуски, душман ҳам эволюция қилмоқда. Хабар қилишларича, ўтган тунда яна БЭКларга қарши жанг қилган. Экипаж қаҳрамонларча охирига қадар курашган. Буни эълон қилинган видеодан ҳам кўриш мумкин. Аммо бу сафар ҳеппи энд бўлмади», — дея ёзган у. Кемадаги портлаш видеоси бошқа бир ҳарбийлашган канал «Поздняков 3.0»да эълон қилинди.
Россия томонидаги «Два майора» телеграм-канали тасдиқлашича, «Сергей Котов»га Қора денгиз ҳудудида, Феодосия яқинида ҳужум қилинган.
Ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор, деган разведка бошқармаси расмийси Андрей Юсов. «Қурбонлар ва яраланганлар бор. Аммо катта эҳтимол билан, экипажнинг бир қисми эвакуация қилинган. Душман ўндан ортиқ тез ёрдам кареталарини соҳилга олиб келгани маълум. Яъни барибир эвакуация операцияси ўтказилган», — деган у «Озодлик радиоси» эфирида.
Сўнгги маълумотларга кўра, кема экипажи аъзоларидан 7 киши ҳалок бўлиб, 6 киши яраланган, 52 киши эвакуация қилинган.
Юсов россиялик ҳарбийлар «Сергей Котов»га зенит-ракета комплексларини жойлаштирмоқчи бўлгани ҳақида ҳам гапирган. «Бундай кемалар қанча кам бўлса, уларда жойлаштирилган зенит-ракета комплекслари ҳам шунчалик кам бўлади, бу эса украин хавфсизлик ва мудофаа кучлари учун имкониятлар кўпроқ бўлишини англатади», — дея қайд этган у.
Разведка бошқармаси россиялик ҳарбийларнинг кемага ҳужум ҳақидаги ёзиб олинган сўзлашуви аудиосини ҳам тақдим этган (идора бундай ёзувларни тез-тез эълон қилиб туради, аммо уларнинг ҳақиқийлиги мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган). Бу ёзувда бўйсунивида «Сергей Котов» ҳам бўлган, Новороссийск ҳарбий-денгиз базаси акваториясини қўриқловчи 184-бригада командири ҳисоботи акс этгани айтилган. Ёзувда гапирган одам кемага бешта экипажсиз катер ҳужум қилгани, унинг палубасида Ка-29 вертолёти ҳам бўлганини айтган.
Украина ҳарбий-денгиз кучлари расмий вакили Дмитро Плетенчук «Сергей Котов» кемаси мамлакат ҳудудий сувларидаги Керч бўғозини қўриқлаш билан шуғулланганини айтган. «Дарвоқе, денгизнинг бу участкаси кемалар қатнови учун бу бўйича огоҳлантириш бериш ҳуқуқига эга бўлган Украина томонидан расман ёпилган. Яъни биз ўтган йилиёқ бу ерда ҳаракатланиш керак эмаслиги ҳақида огоҳлантиргандик», — дея қўшимча қилган у.
«Россия Қора денгиз флоти — бу оккупация рамзи. У Украина Қримида бўлиши мумкин эмас», — деган Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак.
14 феврал куни Украина бош штаби Қора денгизда Россиянинг «Цезар Куников» йирик десант кемасига ҳужум қилингани ҳақида хабар берганди. Россия мудофаа вазирлиги украин ҳарбийларининг ушбу кема чўктириб юборилгани ҳақидаги хабарига муносабат билдирмаган, Кремл бундан бош тортиб, саволларни мудофаа вазирлигига бериш кераклигини билдирганди.
Кема ҳақида нималар маълум?
«Агентство»нинг ёзишича, 22160 проектидаги «Сергей Котов» патрул кемаси 2021 йил январида сувга туширилган, 2022 йил майида РФ Қора денгиз флоти таркибига кирган. Биринчи канал «Сергей Котов»ни «энг замонавий» патрул кема деб атаган. «Махсус конструкция ва қоплама уни амалда душман радарлари учун кўринмас қилади», — дейилган каналнинг 2022 йилги репортажида.
РФ мудофаа вазирлиги камида уч бор Украина қуролли кучлари томонидан «Сергей Котов»га ҳужум қилингани тўғрисида хабар берган — 2023 йилнинг июл, август ва сентябр ойларида. Ҳар сафар катер денгиз дронларининг ҳужумларини муваффақият билан қайтаргани маълум қилинган. 22160 проектидаги бошқа бир кема «Павел Державин»га эса денгиз дронлари 2023 йил октябрида ҳужум қилган.
Қора денгиз флотида 22160 проекти бўйича ишлаб чиқарилган жами тўртта патрул кема бор. Улар асосан тинчлик даврида ҳудудий сувларни ҳимоя қилиш, ҳарбий ҳаракатлар чоғида кемалар, қайиқлар ва ҳарбий базаларни қўриқлашга мўлжаланган.
22160 проектидаги кемалар экипажи 40 нафаргача бўлади, радиотехник ва гидроакустик қуроллар, шунингдек радиоэлектрон кураш воситалари билан жиҳозланган. Кеманинг асосий калибри — АК-176МА универсал артиллерия қурилмаси ҳисобланади. Унга «Калибр» ва «Оникс» ракета комплекслари, «Гибка» ёки «Штил-1» зенит-ракета комплексларини ўрнатиш ҳам мумкин. Шу билан бирга, бу проектдаги кемалар денгизда сузишга етарли даражада яроқли эмаслиги ва жанговар самарадорлиги пастлиги учун танқид ҳам қилинган.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024