Ярим миллион ўзбек аёли хорижда ишлаяпти — Ўзбекистонда уларга иш топиб бериш механизми борми?
Расмий маълумотларга кўра, 570 мингга яқин ўзбек аёли чет элда ишлаяпти. Улар орасида оиласидаги ягона боқувчи бўлганлари талайгина. Аксарият ҳолатларда аёллар болаларини қариндошларига ташлаб кетишган. Халқаро тадқиқотларда ота-онадан айро улғайиш бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган.
Ўзбек оилаларида эркак кишининг четда мигрант бўлиб ишлаб пул юбориб рўзғор тебратишига кўпчилик ўрганиб қолган. Айниқса, қишлоқларда йигитлар мактабни битиргач, Россия ёки бошқа бир хорижий давлатга кетиши – одатий ҳол.
Ярим миллиондан ошиқ мигрант аёллар
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тақдим этган расмий статистикага кўра, айни пайтда 2,3 млн ўзбекистонлик хорижда меҳнат қилмоқда. Шулардан 568 492 нафари – аёллар.
Ҳудудлар кесимида: Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳамда водий вилоятлари хотин-қизлари энг кўп чет элга ишлашга кетган. Биргина Самарқанд вилоятининг ўзидан 90,9 минг хотин-қиз четда ишлаяпти.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Аҳматовнинг маълумот беришича, ўзбекистонлик хотин-қиз мигрантлар, асосан, Туркия ва Россияда ишлашади.
“Ўзбекистонлик хотин-қизлар Россия Федерациясида хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш йўналишида, Туркия ва БААда уй хизматлари, Жанубий Кореяда эса ишлаб чиқариш йўналишларида меҳнат қилади. Қозоғистонда эса аёлларнинг меҳнат миграциясидаги улуши деярли сезилмайди. Бу давлатда ишлайдиган аёл мигрантлар асосан қишлоқ хўжалигида ишлаши мумкин”, дейди Азим Аҳматов.
“Сиз нега четда ишлаяпсиз?”
Facebook ижтимоий тармоғининг аёллар гуруҳида айни пайтда хорижда ишлаётган хотин-қизлардан айнан нима сабабдан чет элга ишлашга кетганликлари ва имкон бўлса Ўзбекистонга қайтишлари ҳақида саволлар билан мурожаат қилдик.
Саволларга жавоб берган мигрант аёлларнинг аксари болаларини яқинларига қолдириб кетганини, бу оғир бўлганини билдирди. Жавобларнинг айримларини тўлалигича келтирамиз.
“Ўзим тиббиёт институтини тугатганман. Ҳозир Туркияда ишлайман, лекин ўз соҳам бўйича эмас. Бу ерда “хозяйка”мни машинада олиб юраман, офисида ҳисоб-китоб ишларига ёрдамлашаман. Туркияга ишлашга келишимга ҳеч ким мажбурламаган, ўз хоҳишим билан келганман. Фарзандим бор, унга онам қарайди. Ўзбекистонда фармацевтикага ихтисослашган компанияда ишлаганман, Туркиядаги маошим ундан 3 баробар кўп. Лекин Ўзбекистонга қайтсам, албатта, ўз йўналишим – тиббиёт бўйича ишлайман”.
“Россия ва Туркияда оддий ишчи бўлиб ишлаганман. Мақсадим уй олиш эди. Бир ўғлим ота-онам қарамоғида қолганди. 8 йил бориб-келиб ишлаганман. Ҳар 10-11 ойда бир Ўзбекистонга келардим. Агар имкон бўлса, ишлагани эмас, яшагани кетардик”.
“Жанубий Кореяда ишлаганман. Оилам бузилиб, 2 фарзандим билан кўчага ҳайдалганимдан кейин топганим қорин тўйғизишдан ортиб ижара тўловларига ҳам етмаган. Шундан сўнг 8 ойда тил ўрганиб Жанубий Кореяга ишлашга келгандим. Дастлаб, кемасозлик йўналишида бўёқчилик билан шуғулланганман. Ишлаган пайтим фарзандларим онам билан қолган, уларни бир йилда бир марта келиб кўриб кетардим”.
“Исроил давлатида уй ҳамшираси бўлиб ишлайман. Ўрта маълумот дипломи билан кўп ишлай олмадим, сиртқи ўқиш учун контрактга маблағим йўқ эди. Фарзандим турмуш ўртоғим ва онам қарамоғида қолган. Лекин фарзанд тарбиясида кўп муаммога учрайман”.
“Онам Россияда сотувчи бўлиб ишлайди. У ўқитувчи, лекин ёлғиз она бўлгани учун ойлик маошлари етмай мени бувимнинг қарамоғига қолдириб, четга ишлашга кетган”.
Хорижда ишлаб қайтган аёллар билан ишлаш механизми борми?
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилшод Бобоевнинг қайд этишича, 2022 йилнинг биринчи чорагида 192 минг фуқаро қайтиб келган. Уларнинг 41,4 минг нафари – хотин-қизлар.
“Ҳозирги кунда биз аёлларни турли йўналишларга: касб-ҳунарга, малакасини оширишга, тадбиркорлик ўқув курсларига йўналтиряпмиз. Бу тоифадаги аёлларга субсидия бериш орқали уларнинг бандлигини таъминлаяпмиз.
Ҳозирги лойиҳаларимиздан биттаси – “Тадбиркор мигрант” лойиҳаси бўйича бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди. Биринчи чорак якуни бўйича 500 нафар фуқаро шу лойиҳа доирасида ўқитилди. Шундан 282 нафари – аёллар. Мақсад – уларни қисқа муддатли ҳафталик ўқув курсларида ўқитиб, қайсидир йўналишда тадбиркорликка йўналтириш. Биз Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ишлаймиз, улар бизга одамларни ўқитиб бергандан сўнг ҳам ҳар ойлик мониторинглар уюштирамиз. Асосан, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича ўқитилади.
Масалан, бу ой 102 нафар аёлни ўқитдик, улар имтиёзли кредит олишга деярли улгурди. Биз уларнинг рўйхатини олиб, тижорат банкларига йўналтирамиз ва қарор миқёсида имтиёзли кредит олишларига ёрдам берамиз. Улар шундан сўнг нафақат ўзи учун, балки яна 2-3та иш ўрни яратади. Мисол учун, тикувчилик йўналишида ўқигандан сўнг аёлга субсидия маблағи ҳисобидан тикув машинаси олиб берамиз.
Бундан ташқари, ЕХҲТ билан ҳам алоҳида лойиҳамиз бор. Бунинг доирасида 100 нафар хорижда ишлаб қайтган аёлларнинг рўйхатини шакллантириб, уларни тикувчилик бўйича йўналтиряпмиз. Апрелнинг охирида бу лойиҳага старт берилади.
Ҳар бир вилоятда, ҳудудий бошқармаларда мономарказларимиз бор, касб-ҳунар ўқув марказларимизнинг рўйхати шаклланган”, дея маълумот берди Дилшод Бобоев.
Агентлик расмийсининг қайд этишича, ўтган 2021 йилда 502 минг фуқаро хориждан қайтган. Уларнинг 202 минг нафари – аёллар.
Бобоевнинг айтишича, 2021 йил якунига кўра, 2,5 минг нафар аёл “Тадбиркор мигрант” лойиҳаси доирасида ўқитилган. Ҳудудларда улар бўйича мониторинглар ўтказиб борилади. Шу 2,5 минг аёлдан 102 нафари тадбиркорлик бошлаб янги иш ўринлари яратган. Ҳозир бу лойиҳалар яна давом эттириляпти.
“Хонадонбай сўровнома ўтказилади”
“Ҳар ойнинг 15-санасигача ИИВнинг узоқ муддат хорижда бўлган ва қайтиб келганлар базасидан хорижда ишлаб қайтган меҳнат мигрантлари рўйхатини олиб уни вилоятлар кесимида таҳлил қилиб чиқамиз. Сўнг вилоят филиалларимиз маҳалла органлари билан бирга хонадонбай сўровнома асосида фуқаронинг эҳтиёжи ўрганади”, дея маълумот берди Дилшод Бобоев.
Қайд этилишича, хориждан қайтган меҳнат мигранти билан хонадонбай асосда ишлаш тизими 2020 йилдан бери ишлаб келмоқда. Бунда хориждан қайтган фуқарога бериладиган сўровнома билан унинг эҳтиёжи ўрганилади. Ва эҳтиёжга қараб бўш иш ўрни, касбга ёки тадбиркорликка ўқитиш, субсидия таклиф қилинади. Фуқаро эса ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб бирини танлайди.
Эрта улғаядиган болалар – миграциянинг оиладаги муҳитга таъсири
Миграциядан энг кўп азоб кўрадиганлар – болалар ҳисобланади. Улар тўлиқсиз оилада катта бўлишга мажбур. Биз фикрларини ўрганган хорижда ишлаётган ёки ишлаб келган аёлларнинг аксари фарзандларини ёлғиз ўзлари боқишга мажбур бўлгани учун четга ишлашга кетишган. Бу эса улар ҳам ота, ҳам онасининг ёнида бўлишдан маҳрум бўлишларини англатади.
Халқаро болалар ташкилоти – ЮНИСЕФ миграциянинг болаларга таъсири мавзусини ўрганиб боради. Ташкилотнинг 2020 йил эълон қилинган тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда мигрант ота-онанинг фарзандлари кўпинча васийлар вазифасини бажаруви қариндош-уруғлар, оила аъзоларининг қарамоғида қоладилар. Ота-оналарнинг миграцияси, хусусан, боланинг таълимига, соғлиғига ва ижтимоий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши кузатилмоқда.
Ота-оналарнинг сафарда бўлиши боланинг овқатланиши, таълим олиш даражасига салбий таъсир қилиши ҳамда депрессия ҳолатини келтириб чиқариши мумкин бўлган уй юмушлари ва унинг зиммасига юклатилган масъулият боланинг эрта улғайишига сабаб бўлади.
Ташкилот тадқиқот доирасида ота-онаси хорижда ишлаётган болалар ўртасида сўровнома ўтказган. Унга кўра, ота-оналарнинг миграцияси болаларнинг ҳиссий ҳолатига салбий таъсир қилади. Тахминан 33 фоизи ўзини бахтсиз ҳис қилади, 21 фоизи эса доимий хавотирда яшайди.
Ташкилот сайтида онасини кўрмасдан катта бўлаётган болалар ҳақидаги ҳикоялар етарлича. Онаси 2 ёшида Россияга ишлашга кетган, 4 йилдан бери фақат видео орқали гаплашадиган Орифнинг ҳикояси аламли. У бувисининг қўлида катта бўляпти, отасиз, бундан ташқари онасидан ҳам узоқда катта бўляпти. Миграциянинг бола руҳиятига таъсирини Орифнинг биргина суратига қараб ҳам англаш мумкин.
ЮНИСЕФ гарчи хорижда ишлаш оиланинг моддий ҳолатини яхшилашга ёрдам берса-да, бироқ болаларга салбий таъсири кўп эканлиги сабаб миграцияга оид қуйидаги таклифларни беради:
- кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун етарли ресурсларни ажратиш ва бундай дастурларнинг таъсирини кузатувчи мониторинг механизмларини такомиллаштириш;
- одамларни миллий меҳнат бозорида мавжуд имкониятлар ҳақида хабардор қилиш.
Ҳеч бўлмаса оналар кетмасин
Мавзу жуда оғир, долзарб, гўёки ҳал қилиш имкони йўқдай. Оилалар болаларини боқиши керак, бунинг учун иложи йўқлар, Ўзбекистонда иш топа олмаганлар чет элга кетаверади. Болалар эса руҳий муаммолар билан катта бўлаверади.
Бироқ оилада ҳеч бўлмаса, оналарнинг ишлашга кетиши сабабларини яхшироқ ўрганиш, болаларини қолдириб бошқа юртларга ишлашга кетадиган ёлғиз боқувчи аёлларни касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоясини яхшироқ ўрганиб чиқиш зарур.
Дарвоқе, яқинда хотин-қизлар муаммолари билан ишлайдиган Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди. Мавзу юзасидан ташкилотдан муносабат олиш, мигрант хотин-қизлар билан ишлаш тизими уларни қониқтирадими, аёллар бандлигини таъминлаш бўйича лойиҳалар қанчалик самарали бўляпти, деган саволлар билан мурожаат қилгандик. Бироқ анча кутишга қарамай, ташкилотдан жавоб олишнинг имкони бўлмади.
Ҳар ҳолда четда ишлаётган ярим миллион мигрант аёл – кичкина рақам эмас. Улар, аслида, Ўзбекистон келажагини улғайтириши зарур, болаларини ота-онасига ташлаб четда ишлаши эмас.
Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
10:26 / 03.07.2024
Ўзбекистонда 6 ойда қанча оила яраштирилгани маълум қилинди
16:50 / 24.06.2024
Сенат раиси “Раҳбар аёллар мактаби” тингловчилари билан учрашди
10:42 / 02.06.2024
Хотин-қизларни энг кўп ишга олган 10 та корхона маълум қилинди
20:21 / 23.05.2024