Жамият | 14:50 / 15.04.2022
13840
4 дақиқада ўқилади

“Оиламизнинг уч аъзосидан айрилдик, энди болам дардманд” – қўш синовга дучор бўлган оилалар изтироби 

Фарзанд неъмати берилганда нечоғли хурсанд бўлган оилалар уларнинг хасталигидан шу қадар қайғуга тушишади. Бугунги ҳикоялар шундай қайғу билан яшаётганлар ҳаётининг бир қисмини кўрсатиб беради. 

8 йил ичида оиламизнинг уч аъзосидан айрилганмиз

Оғабекни тўсатдан бошланган хасталик ҳолдан тойдирган. Жонлантириш бўлимларидаги муолажалардан, кимётерапиялардан кейин бола ҳаётга қайтган.

“Боламнинг аҳволи бирдан оғирлашгач, битта буйраги ишламай қолди. Ўзимни йўқотиб қўйдим: бу касалга чалинганига ишонгим келмасди, шифокорлар гапирсаям англамасдим.

6 йил аввал турмуш ўртоғим жигар циррозига чалиниб вафот этганди. 8 йил ичида қайнона-қайнотам, хўжайиним шу касалликдан кетма-кет ўтиб кетишди. Фақат шу болаларим учун яшаяпман”, – дейди беморнинг онаси Ҳамида Умарова.

Ҳамида ҳозир фарзандлари билан ота-онасининг қарамоғида яшайди. Ўғлидаги дард парваришталаб бўлгани учун бирор жойда ишлашнинг имкони йўқ.

Оғабек Нўъмоновга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0424 2528 9815 онаси Ҳамида Умарова номида

Ҳумо: 9860 0803 8912 2781 онаси Ҳамида Умарова номида 

Бу дард бой-камбағалга ажратмас экан

Самарқандлик Умрзоқ Умаров 6 нафар фарзанднинг отаси. Уларнинг бири – Нурмуҳаммад ҳозир оққон ташхиси билан даволанмоқда.

“Шифокорлардан ўғлимнинг касаллиги ҳақида эшитганимда оёғимгача музлаб кетдим. Машинамни сотдим, ҳамма маблағимни тўпладим ва даволатишга киришдим.

Бу дард шунақа эканки, бой-камбағалга ажратмаскан. Ота сифатида шуни айтмоқчиман: ҳеч кимни фарзанди билан синамасин экан”, – дейди қалб изтироблари юзида акс этаётган ота.

Нурмуҳаммаднинг 5 жигари Самарқандда қолган. Бола тезроқ соғайишни ва яқинлари, оиласи бағрига қайтишни орзу қиляпти.

Нурмуҳаммад Аъзамовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0609 1073 8732 отаси Умрзоқ Умаров номида

Ҳумо: 9860 0101 0233 8570 отаси Умрзоқ Умаров номида 

Бир йил аввал отаси вафот этганди, энди ўғлим оққонга чалинди

Мақсуда Бобожонованинг турмуш ўртоғи сурункали буйрак етишмовчилиги сабаб бундан бир йил аввал вафот этган. Аммо унинг тақдирида яна бир синов бор эканки, кўп ўтмай фарзанди ҳам шу каби оғир хасталикка чалинди.

“17 ёшли ўғлим оққонга чалинди. Компьютер технологиясига қизиқиб, шу йўналишда тинимсиз ўқиб юрган бола эди. Ҳаммасини тўхтатишга мажбур бўлди.

Ёлғиз онаман, ота-онам билан бирга яшаймиз”, – дейди беморнинг онаси. Хушнудбек ҳали яна ҳаммаси аввалгидек бўлишини, интилишдан тўхтамаслигини, соғайиб, албатта, орзуларини амалга оширишини айтди. Йигитчанинг шижоатини кўриб, орзулари амалга ошишини сўраб қоламиз. 

Хушнудбек Илҳомбоевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0604 3251 1245 онаси Мақсуда Бобожонова номида 

Энг оғири хаста фарзанднинг кўзига қараш

Неъматжон туғилгандаёқ бошқа бир нуқсон – кўзи ожизлик билан туғилган эди. Унинг кўзларига нур бағишлаш учун қилинган саъй-ҳаракатлар самарасиз қолмай, кўзлари кўра бошлаганда бошқа дардга йўлиқди.

“Ҳозир кўзлари нисбатан кўради, кўзи ожизлар мактабида ўқияпти. Неварам бир ярим йилдан бери оққон касаллигидан даволанмоқда. Кўзи ожиз туғилган, 2-гуруҳ ногирони. Дунёда энг ёмони хаста фарзанднинг кўзига қараш экан”, – дейди бувиси Санобар Жўраева.

Неъматжон инглиз тилини ўрганишга, расмлар чизишга қизиқади. Ота-онаси ва бувисининг орзуларини рўёбга чиқаришни хоҳлайди. Бу йўлда унга яхшилар кўмаги зарур.

Неъматжон Аҳлиддиновга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0417 9988 3369 бувиси Санобар Жўраева номида 

Бу хаста болаларнинг беғубор орзулари бир олам. Шу орзулар ушалиши йўлида, беморларнинг сиҳат топиши учун саховат улашишни ният қилганлар барча ниятлари ижобатини кўришлари шубҳасиздир.

Мавзуга оид