Жамият | 22:37 / 18.04.2022
20169
2 дақиқада ўқилади

Мультирадар ўрнатилган Cobalt иштирокида содир бўлган ЙТҲда 6 ёшли бола вафот этди

Тез ҳаракатланган Damas ҳайдовчиси ўзидан олдинда кетаётган машинага бориб урилмаслик учун чамбаракни кескин буриб юборган. Оқибатда ағдарилиб кетиб, рўпарадан келаётган мултирадар ўрнатилган Cobalt‘га урилган.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, бугун 2022 йил 18 апрел куни соат 11:35 ларда М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Шеробод тумани Олтин воҳа маҳалласи ҳудудидан ўтган 1 408-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Шеробод тумани Сариққамиш маҳалласида яшовчи ҳайдовчи Damas машинасини Термиз-Шеробод йўналишида бошқараётиб ўзидан олдинда кетаётган Nexia-3 билан оралиқ масофани сақламаган ҳолда тез ҳаракатланган. Натижада Damas машинаси Nexia-3 билан тўқнашиб кетиши хавфи туғилган.

Ҳайдовчи тўқнашувдан қочиш мақсадида Damas‘нинг чамбарагини кескин буриб юборган. Оқибатда, у қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб ағдарилган ва ёнбош ҳолда мултирадар ўрнатилган ООО “ATLAS INTERNATIONAL UZDE‘га тегишли Cobalt машинаси билан тўқнашган.

Шу пайтда оралиқ масофани сақламаган ҳолда ҳаракатланган Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Ўрта қишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаро бошқарувида бўлган Nexia машинаси Cobalt‘нинг ортидан келиб урган.

Мазкур ЙТҲда Damas машинаси бутунлай яроқсиз ҳолга келган ва унинг ҳайдовчиси турли тан жароҳати олган. Damas‘да бўлган унинг набираси 6 ёшли бола эса оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган. 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид