Ўзбекистон | 10:46
1109
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ўта иссиқ кунларда оғир юк автомобиллари ҳаракати чекланади

Сурхондарё вилоятида аномал иссиқ ҳаво шароити сабаб оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинчалик чеклов жорий этилади. Чора автомобил йўллари қопламасини сақлаш ва уларнинг муддатидан олдин шикастланишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилоятида ўта иссиқ об-ҳаво шароитида автомобил йўллари қопламасини сақлаш мақсадида оғир юк машиналари ҳаракатига вақтинча чеклов жорий этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, вилоятда кундузи ҳаво ҳарорати +42...+44 даражагача, айрим ҳудудларда эса ундан ҳам юқори кўрсаткичларгача кўтарилмоқда. Бундай шароитда асфалт-бетон қопламасининг ҳарорати +70...+80 даражагача етиб, йўлнинг юк кўтариш қобилияти пасаяди.

Мутахассислар таъкидлашича, юқори ҳарорат таъсирида оғир юк автомобиллари ҳаракати йўл қопламасида ғилдирак излари, деформациялар ва бошқа техник нуқсонларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу муносабат билан давлат бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қурилган ҳамда таъмирланган автомобил йўлларини асраш мақсадида Термиз шаҳри, туман марказлари ва уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида оғир юк автомобиллари ҳаракати ҳар куни соат 10:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади.

Мазкур чекловлар Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати тўғрисида» ва «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонунлари талаблари асосида жорий этилмоқда.

Мутасаддилар ҳайдовчилар, юк ташувчи корхона ва ташкилотлардан белгиланган чекловларга қатъий риоя қилиш, юк ташиш вақтини олдиндан режалаштиришни сўради.

Қайд этилишича, ушбу чоралар йўл инфратузилмасини асраш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва автомобил йўлларининг хизмат муддатини узайтиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид