Жаҳон | 21:31 / 20.04.2022
34833
10 дақиқада ўқилади

Урушнинг 56-куни. «Азовстал» қамали давом этмоқда, эвакуация бўйича келишувга эришилди

«Донбасс учун катта жанг» ҳали бошланмади, аммо икки томон ҳам унга фаол равишда тайёрланмоқда, Мариуполда «Азовстал»ни қамал қилиш давом этмоқда, шаҳардаги тинч аҳолининг бир қисмини эвакуация қилиш бўйича дастлабки келишувга эришилган, Ғарб давлатлари Украинага қурол етказиб бериш ҳажмини оширмоқда.

Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Штаблардан маълумотлар
Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков эрталабки брифингда Херсон областида юқори аниқликдаги ракета зарбаси оқибатида 40 нафар украин ҳарбийси ва еттита ҳарбий техника йўқ қилинганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳаво-космик кучлари ўтган тунда Украинанинг 73 та объектига, жумладан тўртта ўқ-дори омборхонасига зарба йўллаган. Шунингдек, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими украинларнинг олтита дрони ва иккита «Точка-У» ракетасини уриб туширгани айтилган.

Украина қуролли кучлари Бош штаби чоршанба тонгидаги ҳисоботида Донбассда россияликларнинг бир неча ҳужумлари қайтарилгани, доимий равишда артиллерия ва ҳаво зарбалари келаётгани, турли ҳудудларда тўқнашувлар давом этаётгани маълум қилинган.

Харковни қамал қилиш ва ўққа тутиш давом этмоқда; бу ҳудудда россияликлар қайтадан гуруҳланиб, захираларни тўлдирмоқда, Попасная ва Марьинкада жанглар кетмоқда. Мариуполдаги «Азовстал» заводини штурм қилиш давом эттирилмоқда.

Донецк ва Луганск областларида сўнгги бир кунда россияликларнинг жами тўққиз ҳужуми бартараф этилиб, 11 танк, 27 та енгил зирҳли техника ва бир артиллерия тизими йўқ қилинган. Украинлар бир самолёт, бир вертолёт, олти дрон ва битта қанотли ракета уриб туширилганини маълум қилишган.

Бу рақамларнинг барчаси шов-шув билан эълон қилинган «Донбасс учун жанг»нинг кўламига мос келмайди. Кўплаб таҳлилчилар фикрича эса, ҳали жиддий жанглар олдинда - россияликлар ҳозирча украинлар мудофаасини текширмоқда ва артиллерияни тайёргарлигини ўтказмоқда.

Британия разведкаси маълумотига кўра, украин ҳарбийлари РФ армиясининг ҳужумга ўтишга бўлган кўплаб уринишларини йўққа чиқармоқда, Донбасснинг Украина назоратидаги қисми ва айирмачилар назоратидаги қисми ўртасидаги туташув чизиғи Россия ҳарбийлари томонидан ўққа тутилиши кучаймоқда.

Британиялик разведкачиларнинг ҳисоблашича, Россиянинг ҳаракатларига урушнинг биринчи қисмида бўлгани каби «табиий, логистик ва техник мураккабликлар» тўсқинлик қилмоқда.

«Азовстал» мудофааси давом этмоқда
Мариуполдаги украиналик ҳарбийлар «Азовстал» металлургия комбинатида мудофаани ушлаб туришибди, бу ерда минг нафар ҳарбий хизматчилар ва тинч аҳоли вакиллари яширинган. Россия армияси ҳар куни завод ҳудудини бомбаламоқда ва уни штурм қилиб олишга уринмоқда.

Сешанба куни Россия мудофаа вазирлиги яна бир бор Мариупол ҳимоячиларига таслим бўлишни таклиф қилди ва қуролларни ташлаганларга омонлик берилишини ваъда қилди.

Чоршанбага ўтар кечаси Мариупол ҳимоясида курашаётган украин денгиз пиёдалари бригадаси командири АҚШ, Британия, Туркия ва Украина раҳбарларини унинг жангчилари ва «Азовстал» заводи ҳудудида қолаётган тинч аҳоли вакилларини қутқаришни сўраб мурожаат қилди. «Бу бизнинг сўнгги мурожаатимиз бўлиши мумкин. Эҳтимол бизнинг саноқли кунларимиз ёки соатларимиз қолган», деган майор Сергей Волин фейсбук саҳифасида жойланган видеомурожаатида.

Волиннинг айтишича, сон жиҳатдан кўп бор устунлик қилаётган россияликлар қуршовида у ва жангчиларидан ташқари 500 нафар ярадор ва юзлаб тинч аҳоли вакиллари қолмоқда. Денгиз пиёдалари командири барчани учинчи давлатга эвакуация қилишни ташкил этишга чақирган.

Бундан бир неча соат олдинроқ Волин омон қолишнинг икки вариантини кўраётганини айтганди: Украина армияси қамал ҳалқасини ёриб кириши (офицер бу вариантни «мураккаб ва таҳликали бўлса-да, имконли чора деб атаган) ва ёки дипломатия йўли билан қуршовдагиларнинг барчасини олиб чиқиш.

Икки кун муқаддам Мариуполдаги денгиз пиёдалари командири Рим папаси Францискка мурожаат қилиб, ёрдам сўраганди.

Россия армиясининг ҳаракатлари шаҳарни харобага айлантирган: Украина ҳукумати маълумотига кўра, артиллерия зарбалари ва ҳаводан бомбардимонлар оқибатида биноларнинг 90 фоиздан ортиқ қисми вайрон этилган, тинч аҳоли вакилларидан 22 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Февраль ойи охирида қамал қилинган шаҳарда 100 мингдан ортиқ киши қолган, шаҳар мэри ўринбосари Сергей Орлов BBC билан суҳбатда аҳоли бу вақт давомида озиқ-овқатсиз, сув ва тиббий ёрдамсиз яшашга мажбур бўлаётганини айтган.

Мариуполдан эвакуация бўйича дастлабки келишув

Украина ҳукумати россиялик ҳарбийлар қамалидаги Мариуполдан гуманитар йўлак очиш бўйича дастлабки келишувга эришди. Сўнгги кунларда Россия билан келишув йўқлиги туфайли ушбу шаҳар аҳолисини олиб чиқишнинг имкони бўлмаётганди.

«Мариуполдаги ҳалокатли гуманитар вазиятни инобатга олган ҳолда, бугун ўз саъй-ҳаракатларимизни айнан шу йўналишга қаратамиз. Биз аёллар, болалар ва қариялар учун гуманитар йўлак бўйича дастлабки келишувга эришдик», деди чоршанба куни Украина вице-премьери Ирина Верешчук.

Колонна Мариуполдан Запорожье томон ҳаракатланади.

Мариуполни тарк этган мэр Вадим Бойченко ҳозирча гап дастлабки режалар ҳақида кетаётганини айтиб, уни ҳаётга татбиқ этиш уддаланишига умид билдирган: «Коридор очилиши учун ҳали яна ишлаш керак, Запорожьега кетиши мумкин бўлган 90 автобус ва 6000 киши ҳақидаги гап - бу дастлабки маълумотлар».

Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай ҳам маҳаллий аҳолини эвакуация қилишга чақирмоқда. У телеграм-каналида областда тез орада дори-дармонлар тугаши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Унинг сўзларига кўра, 20 апрел куни Северодонецк, Лисичанск, Рубежное, Горное ва Попаснаядан одамларни олиб чиқиш учун «навбатдаги уриниш» амалга оширилади.

Бу вақтда БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича агентлиги Украинани беш миллиондан ортиқ киши тарк этиб бўлгани ҳақида хабар берган.

Украинага янги қуроллар

Норвегия мудофаа вазирлиги Украинага «Мистрал» русумли 100 та зенит ракета тизимлари етказиб берилганини маълум қилди.

«Мистрал» кичик, яқин масофадаги жанглар учун мўлжалланган зенит ракетаси бўлиб, учиш масофаси етти километргача етади. Уни қўлда кўтариб юриш мумкин бўлган комплексдан, шунингдек бирор техникага, масалан, зирҳли транспорт воситаси ёки вертолётда ўрнатилган комплесдан учириш мумкин.

Аввалроқ Пентагон Украина шу кунларда қирувчи самолётлар ва ўз авиацияси учун эҳтиёт қисмлар қабул қилиб олгани ҳақида хабар берганди, аммо айнан қанча ва қандай русумлардаги самолётлар етказиб берилганига аниқлик киритилмаган.

АҚШ мудофаа вазирлиги расмийси Жон Кирбининг сўнгги баёнотидан англаш мумкинки, НАТОдагилар украин ҳарбий самолётлари ҳажмини оширишнинг шундай йўлини топишганки, процедура (унда иштирок этувчи давлатлар) махфийлиги таъминланади. Сешанба куни Кирби навбатдаги брифингда Украинада энди «икки ҳафта олдиндагидан кўра кўпроқ жанговар самолётлар борлиги»ни айтди.

Германия канцлери Олаф Шольц сешанба куни кечқурун мамлакат мудофаа саноати пудратчилари Украинага қурол етказиб берши ҳажмини ошириш масаласида ёрдам беришини маълум қилди.

«Биз немис мудофаа саноатидан бизга қандай қурилмаларни тез фурсатда етказиб бера олишлари бўйича сўрадик. Украина бу рўйхатдан ўзига керакли қуролларни танлайди ва биз уларга тўлов қилиш учун зарур маблағларни берамиз», деган Шольц «Катта еттилик»даги ҳамкасблари билан видеоалоқа орқали музокаралардан кейин журналистларга. У бошқа тафсилотларни келтирмаган.

Европаликлар ва шимолий америкаликларнинг аксари Украинага ёрдам бериш ва Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлайди

Европа ва Шимолий Америка аҳолисининг катта қисми ўз мамлакатлари Украинага ёрдам бериши тарафдори ва санкциялар Россияга таъсир кўрсатишнинг тўғри йўли деб ҳисоблайди - Ipsos социологик компанияси катта сўров якунларига кўра шундай хулосага келган.

Ipsos март ойи охирида - апрел ойи бошида Европа, Осиё, Шимолий ва Жанубий Америка, шунингдек, ЖАР ва Австралиядаги 25 мамлакатда жами 19 минг киши иштирокида сўровнома ўтказган. Қуйида айрим натижалар:

  • Ўртача ҳисобда сўралганларнинг 68 фоизи, агар ҳозирда ҳаракат қилинмаса, бу ҳаракатсизлик Россиянинг Украинадан бошқа мамлакатларга ҳам ҳарбий ҳаракатларини рағбатлантиради, деб ҳисоблаган.
  • Шу билан бирга, 72 фоиз киши - уларнинг мамлакати можарога ҳарбий аралашувига қаршилигини билдирган.
  • Респондентларнинг ўртача 36 фоизи - мамлакати Украинага қурол етказиб беришининг, 33 фоизи эса - Украина армиясини маблағ билан таъминлашининг тарафдори. Европа ва Шимолий Америкада ҳарбий ёрдам кўрсатиш тарафдорлари - кўпчиликни ташкил этади.
  • Шу билан бирга Украинага мамлакат ҳарбийларини жўнатишга рози бўлганлар -  ўртача 17 фоиз.
  • Сўралганларнинг 74 фоизи уларнинг мамлакати украиналик қочқинларни қабул қилиши керак деб ҳисоблайди.
  • 82 фоизи Украинадаги уруш бутун дунё учун таҳдид манбайи деб билади, 61 фоизи бу уруш айнан уларнинг мамлакатига таҳдид солмоқда деб ҳисоблайди. Украинадан анча узоқдаги Японияда 87 фоиз киши шундай хавфни кўрмоқда, қўшни Польшада эса - 77 фоиз.
  • Сўровда қатнашганларнинг учдан икки қисми - Венгрияда 50 фоиздан Жанубий Кореяда 78 фоизгача - Россияга қарши санкциялар урушни тўхтатиш учун самарали восита деб билади.
  • Шу билан бирга Россия нефти ва газига эмбарго қўйилишини респондентларнинг фақат 40 фоизи маъқуллайди. Британия, Польша, Канада, Швеция, АҚШ, Францияда бундайлар сони 50 фоиздан кўп, Германияда - 45 фоиз (30 фоиз киши эмбаргога қарши), Венгрия ва Туркияда эса тақиқ тарафдорлари атиги 20 фоизни ташкил этган.

Мавзуга оид