Ўзбекистон | 21:03 / 22.04.2022
17145
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида ифторлик уюштирилди

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси томонидан Оқ уй, Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), АҚШда кенг тарқалган дин ва конфессиялар вакиллари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси аъзолари иштирокида ифторлик уюштирилди.

Хабар қилинишича, ифторлик аввалида элчи Жавлон Ваҳобов меҳмонларга Ўзбекистонда анъанавий Ислом қадриятларини авайлаб асраш ва тарғиб этиш ҳамда диний эркинликларни таъминлаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди.

Фото: dunyo.info

Ифторда сўзга чиққан Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) раиси Н.Маенза бир неча кун аввал Ўзбекистонга бориб, расмийлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва диний етакчилар билан учрашиш имконига эга бўлганини маълум қилди.

- Ўзбекистон сўнгги тўрт йил ичида қандай ижобий ва сезиларли ўзгаришларга эришганини ҳамда диний эркинлик учун янада очиқ шарт-шароитлар сари интилаётганини кўришдан мамнун бўлдим, - деди у. - Диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний эътиқод эркинлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича давом этаётган мулоқотлар бизни руҳлантирди. Ўзбекистон ҳукумати билан йўлга қўйилган мулоқот мамлакатнинг ислоҳот ва ўзгаришларни янада илгари суриш йўлида катта мақсадни кўзлаганини кўрсатди.

Шимолий Америка Ислом ҳамжамияти собиқ президенти, доктор С.Саййид Америкада шаклланаётган мусулмон жамияти Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларини кенгайтириши зарур эканлигини таъкидлади. У Мэриленд штатидаги Индонезия Мусулмон жамияти ассоциацияси (ИМАМ) Ислом маркази ёки Туркия ҳукумати кўмагида ташкил этилган Диёнат марказига ўхшаш Ўзбекистон Ислом марказини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Глобал фаолият институти (IGE) раҳбари К.Зейпл бир неча дин вакиллари ўзаро аҳилликда яшаётган Ўзбекистон тажрибаси бошқа мамлакатларга диний эркинликларни таъминлаш модели сифатида ўрнак бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Фото: dunyo.info

- Шу муносабат билан 2022 йил май ойида Глобал фаолият институти Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумини ўтказишни мўлжалламоқда, - деди у. - Тадбир дунёга Ўзбекистон мусулмонлар ва насронийлар, биринчи навбатда, руҳонийлар ва имомлар ўртасидаги конфессиялараро мулоқот ўрнатилган давлатнинг намунаси эканлигини яна бир бор намоён этади. Бундан ташқари, халқаро форум давомида олим ва экспертлар диний саводхонликни ошириш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон ислом меъморчилиги масалаларини ҳам муҳокама қилишади. 

Ўзаро суҳбат чоғида Америка Қўшма Штатларидаги энг қадимий масжид – “Масжид Муҳаммад” имом-хатиби Толиб Шариф ушбу тадбир муқаддас Рамазон ойида Исломнинг инсонпарварликни илгари сурувчи дин эканлигини яна бир бор намоён этганини таъкидлади. 

“Кўп асрлик тарихи Ислом тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлган Ўзбекистон имом-хатиблари билан учрашишдан жуда мамнун бўлдим. Бундай учрашувлар икки давлат имом-хатиблари ва уламолари ўртасида ўзаро фикр алмашиш имконини бермоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг бу йўлда ташлаётган муҳим қадамларини ҳам олқишлашни истар эдим. Ўзбекистон миллатлараро ва динлараро тотувлик гуллаб-яшнаган дунёвий давлатнинг намунаси бўлиб қолмоқда”, деди у. 

Ўз навбатида, АҚШ Тинчлик институти (USIP) эксперти, Давлат департаментининг диний озчиликлар бўйича собиқ махсус маслаҳатчиси Нокс Темза ҳам Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш борасида салмоқли муваффақиятларга эришилганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, “Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда қонунчилик, диний ташкилотларни рўйхатга олиш соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Бундан атиги беш йил аввал ақл бовар қилмайдиган ишларнинг аксарияти бугунги Ўзбекистонда ҳақиқий воқеликка айланди. Мен эса Ўзбекистоннинг келажакда бундан ҳам юксак муваффақиятларга эришишини кутиб қоламан”, деди у. 

Мавзуга оид