Ўзбекистон | 07:42 / 23.04.2022
14957
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Қудбиевга Фискал институт ректори вазифасини бажариш юклатилди 

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевга институт ректорлиги вазифаси юкланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевга Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ректори вазифасини бажариш юклатилди.

Шерзод Қудбиев 1981 йилда туғилган, Фарғона политехника институтини тамомлаган. Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими сифатида фаолият кўрсатган. 2015−2016 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти мудири ўринбосари бўлиб ишлаган.

У 2018 йил апрель ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири этиб тайинланган, 2019 йилнинг август ойидан Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ва 2019 йили янги ташкил этилган президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг директори лавозимида иш юритиб келган.

Шерзод Қудбиев 2020 йилнинг май ойида Солиқ қўмитаси раиси лавозимига тайинланган. 

Маълумот учун, Фискал институт солиқлар ва солиққа тортиш соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси эканлиги баробарида, молиявий назорат, бухгалтерия ҳисоби ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, шунингдек иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Институт қуйидаги йўналишларда фаолият олиб боради:

  • солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • кадрлар тайёрлаш борасида хорижий давлатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашишни кенгайтириш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб қилиш;
  • бюджет даромадларини шакллантиришда давлат манфаатларини ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлай оладиган кадрларни тарбиялаш;
  • солиқ органлари учун илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва автоматлаштирилган таҳлил услублари билан ишлаш кўникмасига эга бўлган мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
  • солиққа тортиш ҳамда молиявий назорат соҳаларида амалий ва фундаментал илмий тадқиқотлар олиб бориш, инновацион лойиҳаларни кенг жорий этиш;
  • малакали кадрлар тайёрлашни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий усуллари, халқаро солиққа тортиш, трансферт нархларни белгилаш, таваккалчиликни таҳлил қилиш, бизнес-таҳлил технологиялари ва солиқ маъмуриятчилигида илғор ахборот технологияларини қўллаш асосида ташкил этиш;
  • ўқув жараёнида ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, шу жумладан педагогик ва ахборот технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларни интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларни кенг жорий этиш, талаба, тингловчи ва педагог ходимларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ҳамда таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.

Мавзуга оид