Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тескари селекция ва нотабиий танлаш: номуносиблар қандай қилиб мансабга келиб қолишади?
Нега юқори лавозимларга ақли, билими, зукколиги билан ажралиб турмайдиган, ахлоқи ва иродаси заиф инсонлар келиб қолади? Кейинги вақтларда ўзимизда ҳам тез-тез кузатилаётган бу ҳолат тескари селекция қонуни билан тушунтирилади.
Ўзига нисбатан ақллироқ ўринбосар танлаган уч бошлиқни санаб бера оласизми? Қийин-а? Энди, ўринбосари ўзидан кучли бўлмаган бошлиқлар кутилмаганда лавозимни тарк этса, унинг курсисини ким эгаллашини айтинг-чи? Тўппа-тўғри, биринчи ўринбосари!
Агар бошлиқларнинг мана шу тарзда алмашиши кузатилаверса, йиллар ўтиб барча ташкилот, корхона ва идораларда думбул раҳбарлар курсида ўтирган бўлади.
Хўш, бу жараён нега селекция дейиляпти ва нега у тескари? Гап шундаки, кадр тайинлаш ҳам ўзига хос, худди ниҳол етиштириш ва парваришлашдек гап.
Тасаввур қилинг: олдингизда пишиб етилган буғдой бошоғи турибди. Уни ситиб, энг мағзи тўқ, сара донларини бир томонга, пучуқ ва қийшайган сифатсиз донларини бир томонга ажратинг. Кейин ўша сифатсиз донларни экинг. Ундан униб чиққан бошоқни ҳам худди шу тарзда ажратинг. Тўртинчи уринишда эккан буғдойингиз униб чиқмайди. Набобот оламидаги тескари селекция мана шу бўлади.
Жамиятдаги тескари селекция — паст табақадаги иерархияни кучсизлантиришга, ақлий ва ахлоқий жиҳатдан ривожланмаган минглаб инсонлар бошқарув лавозимларида бўлишини таъминлашга қаратилган, кадрларга оид, ирқий, ахлоқий-маърифий, маънавий, диний, маданий, молиявий, ҳарбий, ижтимоий-маиший сиёсат.
Айтайлик, бир давлатда ўнлаб йиллар давомида тескари селекция амалда бўлади — норасолик комплексига эга, шахсияти синдирилган бўлса-да, ҳокимиятга интилувчи, ҳиссий маданияти йўқотилган, ментал ва ахлоқий мувозанати бузилган инсонлар юқори лавозимларга жойлашиб қолади. Кўпчилик тадқиқотчилар, журналистлар бугунги кунда Россия Федерациясида шу жараён оқибатлари кузатилаётганини ёзишмоқда.
Тескари селекция қандай ишлайди?
Қандайдир лавозим учун номзод танлай туриб, биринчи навбатда унинг профессионал сифатига эътибор қаратиш мантиқли. Ҳайдовчи — автони яхши бошқариши, ошпаз — овқатни ширин тайёрлаши, менежер — самарали бошқариб, олдига қўйилган мақсадларга эришиши керак.
Лекин ҳар доим ҳам инсонларнинг ўзаро муносабати шундай мантиқ билан тушунтирилмас экан. Кўпинча инсон мантиқли бўлмаган ва интуицияга зид хатти-ҳаракатларга қўл уради.
Масалан, бир давлат ташкилотининг бўлим бошлиғи ўзига ўринбосар танлай туриб, унинг билими, қобилияти ва омилкорлиги даражасини эмас, унинг ўзи учун қай даражада хавфлилигини баҳолайди: пайт пойлаб панд бермасмикан, ўрнимни эгаллаб олмасмикан деб. Чунки у ўзи учун асосий мақсад ташкилот равнақ топиши ва ривожланиши эмас, ўзининг фаровонлиги ва иссиқ ўрни, деган тўхтамга келади.

Шундай қилиб, спирал бўйича ривожланиб борувчи «тескари селекция» ёки нотабиий танлаш юзага келади.
Имкон қадар шу принцип бўйича танланган ўринбосар ҳам худди шу тарзда қўл остига ходимлар тўплайди. У ҳам ўзига рақобатчи бўлиши мумкин бўлган, ақлли ва фаол ходимларга ўрин қолдирмайди. Шу сабабли у бошқа дивизиондан ўртача, амбицияларсиз одамларни қўл остига йиға бошлайди.
Бу даргоҳда профессионаллар секин-аста коллектив назаридан қола бошлайди ва корхонани тарк этади. Агар бу жараён ўз вақтида тўхтатилмаса, бутун тузилма бошдан оёқ ноқобил, билимсиз инсонлар билан тўлади.
Нотабиий танлов нафақат давлат ташкилоти, балки хусусий корпорацияларда ҳам рўй бериши мумкин, дея ҳикоя қилган рус журналисти Максим Кац ўз чиқишида.
Бунда топ-менежмент иссиқ ўрнини йўқотгиси келмай, нопрофессионал, аммо садоқатли ва қатъиятсиз ходимларни танлаб олади. Компанияларда тийиб турувчи омил акциядорлар бўлади: улар молиявий кўрсаткичлар ёмонлашувига ўз вақтида реакция билдириб, бундай директорлар кенгашини алмаштириш керак деган хулосага келишади.
Давлат аппаратида эса кўплаб раҳбарлар (уларнинг ортидан паст поғонадаги мулозимлар ҳам) ҳокимият қўлига жамланган шароитда атайлаб «тескари селекция» ўтказишган. Бош мақсад — паст табақадаги иерархияни кучсизлантириш. Бу ҳолда мулозимлар бир ўқ билан икки қуённи уришни мақсад қилишган: қўл остидаги беҳафсала тобеларига нисбатан ютуқлироқ вазиятда бўлиш, шунингдек, офтоб остидаги жой учун эҳтимолли рақобатчиларни йўқотиш (ё камайтириш).
Энди терминларни олимлар қандай таърифлаганига қисқача тўхталамиз.
Норасолик комплекси
Зигмунд Фрейдга кўра, ҳукмронлик қилиш истаги — атрофдаги олам олдида заифлик ва қўрқув ҳиссидан келиб чиқадиган невротик касалликнинг бир тури. Австриялик руҳий таҳлилчининг ёзишича, ҳокимият қўлида бўлган инсонга қурбон керак. У бу қурбонни ўз қўл остидагилар сиймосида кўради, улар билан садомазохистик жуфтлик ҳосил қилишга интилади.
Альфред Адлернинг таъкидлашича, ҳокимиятга интилиш ҳаракати асосида «норасолик комплекси» каби патологик ҳодиса ётади.

Инсон руҳияти жароҳатловчи тажриба, масалан, доимий хўрланишлардан халос бўлатуриб, ҳаддан зиёд компенсация механизмини ишга туширади ва у бошқалар устидан ҳукмронлик қилишдек мияга қаттиқ ўрнашиб қолган истак билан ифодаланади. Бироқ Адлерга кўра, инсоннинг бундай интилиши доим ҳам қаноатлантирилмайди ва ҳокимиятга эришган инсон ўзининг барча комплексларини атрофдагиларга проекция қилади ҳамда янгидан янги муаммолар яратади.
Яна бир классик Эрих Фроммга кўра, «психологик томондан ҳокимият истаги замирида куч эмас, кучсизлик мужассам. Кучсизлик шахсиятнинг бир ўзи муаммоларга қарши туриб бера олмаслиги, ўз кучига таяниб яшай олишда уқуви йўқлигини кўрсатади».
«Табиий танлаш»
Биологияда қўлланадиган Дарвиннинг «табиий танлаш» назарияси жамиятнинг ижтимоий тизими моделини жуда муваффақиятли характерлайди. Қаттиқ рақобат шароитидаги бош вазифа — яшаб қолиш. Айрим ҳолларда нима қилиб бўлса ҳам яшаб қолиш. Бу ҳолатда индивидларнинг янги шароитларга мослашишида халақит берувчи ахлоқий жиҳатлар иккинчи планга ўтади ёки кўпинча шунчаки қолдиққа айланади.
«Тескари селекция» атамасини илк марта қўллаган социолог Питирим Сорокин ҳокимиятга интилаётган инсонлар шахсиятидаги кескин ўзгаришни «ҳиссий маданият» йўқотилиши билан боғлайди.

Унинг фикрича, «ҳузур-ҳаловатга бўлган талаб ментал ва ахлоқий мувозанатни шу қадар бузадики, аксарият инсонларнинг фаҳми ва асаб тизими улкан кучланишга дош бера олмайди».
Фақат қатъий ишонч-эътиқод ва ахлоқий принципларга эга бўлиб бундай деградацияга қарши туриш мумкин. Бироқ инсонда ахлоқий ўлчов бўлмаса, ҳуқуқлар ва меъёрлар ҳақидаги тушунчанинг ўзи йўқ бўлса, уни бошқалар манфаатларини поймол қилишдан нима тўсиб қолиши мумкин? «Истак ва кўнгилнинг суст кетишидан бошқа ҳеч нарса», – дея таъкидлайди Сорокин.
«Миллат виждонлари» деб атаб бўлмайдиган бундай одамлар нега ҳокимият тепасига келиб қолади, деган саволга жавоб бериш учун тарихга мурожаат қилиш керак.
Тарихдан мисол
XX асрда рус халқининг генетик ўзига хослиги ва кўп қирралилиги кенг миқёсдаги тескари селекцияга дучор бўлди.
Россияда тескари селекция билан боғлиқ ишлар XX аср бошида Романовлар шажараси томонидан ғарб элитасининг ҳуқуқ ва манфаатлари тан олинишидан бошланган. Жараённи улуғ ватан уруши якунлаб берган. Ўшанда ген ташувчиларнинг кўпи ўлиб кетган, уларнинг ўрнига давр маҳсулотлари қолган. Октябр инқилоби чоғида юқори ҳокимият эшелонларига совет ҳокимияти учун кураш баҳонаси остида тескари селекциянинг илк нишоналари кириб келган.
1980-йиллар бошида унинг дастлабки гуллари кўзга ташлана бошланди, мевалари кейинроқ пишиб етилди. Бугунги кунга келиб, Россияда унинг оқибатларига гувоҳ бўлиб турибмиз.
«Илгакка илдириш»
Тескари селекция ишлашининг яна бир принципи «Илгакка илдириш» деб аталади. Замонавий социологлар «тескари селекция» феноменини ўргана туриб, бу фақат шунчаки деградация бўлибгина қолмасдан, ўз вақтида махсус хизматлар томонидан муваффақиятли синалган, сунъий юритилаётган кадрлар сиёсати, деган тўхтамга ҳам келишган.
Махсус хизматлар амалиётида «илинган» инсонга компромат кўрсатилади, сўнгра уни бошқариш услублари ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлади.
Сиёсатда эса агент ўрнини коррупциялашган амалдор ёки криминал ўтмишга эга одам эгаллайди. Унга нисбатан компромат мавжудлиги, ўша шахсни осон бошқариладиган ва эътирозсиз қулоқ соладиган одамга айлантиради. Бундай раҳбарнинг ахлоқий ва профессионал сифатлари ҳақида сўз очиш мумкинми? Бу нуқтайи назардан, турли «рангли» инқилоблар, босқин, ташқи бошқарув ва сарой тўнтаришлари натижасида ҳокимият тепасига келган қўғирчоқ (марионетка) ҳукуматлар янада яққол мисол бўла олади.

Ҳокимиятга эришган одам нафақат ўз манфаатлари эгаси, шунингдек уни илгари сурган тизим гаровида ушлаб турилган инсон ҳамдир.
Питирим Сорокиннинг фикрича, «ўткир ижтимоий эврилишлар даврида энг зўрлар вазиятга мослашувчан бўлишолмайди, аксинча, ўртачалар — идрок қилиб пок ниятларга эга бўлганлар эмас, инстинктив мотивлар билан омма ичига сингиб кетган инсонлар вазиятга мослашишади».
Бундай шарт-шароитлар диктатор вужудга келиши учун айни муддао бўлади. Диктатор эса ахлоқий принциплардан воз кечиш ва сиёсий мағлубият танлови олдида қолса, доимо биринчисини танлайди.
Ҳокимиятга ташналик
Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати Фридрих Ҳайекнинг фикрича, ҳар қандай тоталитар тизимнинг бош шиори — «мақсад воситани оқлайди». У агар диктатор уларга амал қилса, муваффақиятли фаолият олиб бориши мумкин бўлган учта мезонни ажратиб кўрсатган:

1. Халқ қанчалик ўқимишли ва зиёли бўлса ундан якдиллик ва ҳамжиҳатлик кутиш шу қадар қийин. Бинобарин, диктатор аҳолининг ахлоқий ва интеллектуал даражаси паст бўлган қатламидан қўллов ахтариши керак, шунингдек, примитив инстинктлар ва таъбларни имкон қадар кенг оммага сингдирмоғи керак.
2. Қўллаб-қувватлашни осонгина ишонувчи ва қулоқ тутувчи инсонлар – ҳар қандай қадриятлар тизимини қабул қилувчилар орасидан ахтариш керак. Ўз нуқтайи назарини тез-тез ва баландроқ эълон қилиб туриш лозим.
3. Инсонларни ижобий эмас, салбий дастур асосида бирлаштириш осон. Шу сабабли доим инсон табиатига мурожаат қилиб туриш зарур.
Қобил ёки садоқатли?
Персоналистик автократияларнинг ич-ичидан емирувчи базавий қусури — бу компетенция (қобилият ва омилкорлик)нинг лояллик (садоқат)га алмаштирилишидир. Бу қусур доим иш берадиган ва фундаментал илдизларга эга.
Демократик сайланган президентни олайлик. У мандатга эга, демократик сайланган, сайлов жараёнига нисбатан ҳеч қандай саволлар йўқ президент бўлса, курсини шаффоф, ҳалол ва легитим, бутун жамият тан оладиган жараён орқали эгаллаган бўлса — унга молия вазири, мудофаа вазири, ҳаттоки ўз маъмурияти раҳбари билан шахсий муносабатларнинг мутлақо қизиғи йўқ.
Тўғри, гарчи буни тасаввур қилиш ҳам бироз қийин бўлса-да, бундай вазиятда ўртада доимий ўзаро хуш кўрмаслик кайфияти албатта мавжуд бўлади. Лекин бу ўринда қўл остидаги амалдорлар содиқлигига асло ҳожат йўқ. Чунки у лавозимни ёзилмаган мураккаб келишувларга кўра эмас, қонуний эгаллаган.
Бу ҳолатда биринчидан, билимли ва муносиб ходимларни ёллаш имконияти вужудга келади, иккинчидан, бошқарув ричагларнинг барча тўплами қўлда бўлади. Масалан, бирор ишни барбод қилган ходимни иккиланмасдан ишдан бўшата олиш мумкин.
Олий давлат мансабларини эгаллаган одамларда шунга яраша чоғланиш (мотивация) пайдо бўлади. Агар улар ёмон ишласа, боз устига, қонунни бузса, энг камида ишдан бўшатилади ё уларга нисбатан жиноий иш очилиб, қамалиши ҳам мумкин.
Энди Россиядаги вазиятни олайлик.
Бошқаруви жуда мўрт ҳуқуқий асосларга таянган, ўз ён-атрофидагиларнинг тўлиқ вафодорлигига ишонувчи автократ эса доим «тескари селекция» қопқони чангалида бўлади. Лавозимларга мутлақо номуносиб одамлар ўтиради. Уларда мотивация ҳам бузуқ кўринишда бўлади. Чунки уларнинг тизимдаги ўрни улар эришаётган ютуқлар эмас, уларнинг содиқлиги билан баҳоланади. Хатолар, барбод бўлган топшириқлар, ҳаттоки жиноятлар... муаммо эмас. Ягона ва ҳақиқий жиноят бу – хоинлик.

Бундай ҳолат автократ ва унинг бошқарув аппарати ўртасидаги боғлиқликнинг нуқсонли муҳитини яратади. Бир томондан, давлат аппарати ходимлари бутунлигича ўз «шефи»га боғлиқ. Барча бошлиқдан у ёки бу масалада қарздор, усиз улар ҳеч ким бўлмасди. Бошқа тарафдан, атрофига амалдорларни садоқатига қараб тўплаб олган автократ энди улардан омилкорликни талаб қила олмайди. Қўпол қилиб айтганда, улардан яхши ишлашни талаб қилиб, ёмон ишлагани учун жазолай олмайди.
Давлат маъмурияти мана шу тарзда тескари селекция таҳдидига дучор бўлиши мумкин. Бу таҳдидни демократик механизмлар: ҳалол сайловлар, мустақил ОАВ, мустақил судлар тўхтатиши керак.
Агар сайланган район ё област раҳбари ўзига истеъдодсиз ходимларни ёрдамчи қилиб олса, у ишни эплолмаётганини барча кўриб туради. Натижада, у келгуси сайловларда ютқазади ёки норозиликлар фонида истеъфога чиқади. Раҳбар офиси коррупционерлар уясига айланган бўлса, қамоқхонага равона бўлишиям мумкин.
Бироқ демократик механизмлар синдирилган ва ишламайдиган бўлса, тескари селекция кадрлар сиёсати асосига айланади. Ҳар қандай ёрқин шахс раҳбар фаровонлигига таҳдид солиши мумкин бўлган рақобатчи сифатида кўрилади.
Биринчи планга рангсиз, ҳеч нарсага даъво қилмайдиган инсонлар кўтарилади. Бунга 2008 йилда Дмитрий Медведевнинг Россия президенти этиб сайланганини яққол мисол қилиш мумкин.
Уруш даврида тескари селекция қандай ишлайди?
Уруш даврида бу механизм ишлашда давом этибгина қолмасдан, давлатнинг барча қусурлари сингари у энг хатарли кўринишда амалга оширилади.
Бу ерда гап қўшалоқ бухгалтерия эффекти ҳақида бормоқда. Масалан, Украинадаги урушда РФ қўшинлари мағлубиятга учраётган бўлса ҳам, Путин хато ва камчиликларга йўл қўйган мансабдорларга чора кўра олмайди, уларни ишдан ололмайди. Қайтага, фронтда ҳамма ишлар жойида эканини доимо таъкидлашга мажбур бўлади.
Халқ олдида кўриниш берадиган барча мансабдорлар ҳам жуда яхши билишадики, ҳар қандай хато уларни жазога мубтало қила олмайди. Чунки бу хатолар уларники эмас, бошлиқники. Бошлиқ эса токи мансабдорлари унга содиқ экан, ҳеч қачон хатони тан олмайди.
Улар ҳар қанча билимсиз бўлиш, ҳарчанд аҳмоқона қарор қабул қилишлари мумкин, улар учун жазо ва масъулият бўлмайди. Бу ҳолатда мотивация қай даражада бузуқлигини англаб етиш учун бошқарув соҳасини тушунишга ҳам ҳожат йўқ.
Кимлардир мансаб курсисида фақат содиқлиги учун ўтирибди, бошлиқ эса ҳеч қачон омма олдида унинг вазифасига номуносиблиги ҳақида гап очмайди. Яъни кадрларни жазолаш билан боғлиқ қатъий қарорларга келмайди, чунки бу ўзининг ҳам хатосини билдиради.

Бундай бошқарув муҳити ҳар қандай бошқарув аппаратини ич-ичидан емиради ва чиритади. Ҳаттоки бошида билимли ва муносиб бўлган одамлар ёлғон мотивация муҳитида муносиб бўлишдан воз кечишади. Бундай чириш жараёни тезда рўй бермайди, албатта. Лекин билим ва қобилият баҳоланмайдиган, хатолар жазоланмайдиган, ҳамма нарса содиқлик атрофида айланадиган ёпиқ муҳит ўз аччиқ «мева»ларини бермай қолмайди.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.