Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Мактабларга билимсиз кадрларнинг кириб келиши – энг катта муаммо» — педагог Ботир Сиддиқов билан суҳбат
Бугунги суҳбатдошимиз – Самарқанд вилояти Пайариқ тумани 14-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ботир Сиддиқов. Устоз билан таълимдаги жараёнлар ва қишлоқ мактаблари ҳақида фикр юритдик.
– Ботир ака, мактаб таълимидаги тизимли муаммоларни асосан нималарда кўрасиз?
– Мактаб таълимидаги тизимли муаммолар асосан мактабда ишлаётган айрим ўқитувчиларнинг битта қолипда иш олиб бориши ва ўқувчилардаги эркинликни чегаралаб қўйиши билан боғлиқ. Кейинги пайтларда ўқувчилар ва ота-оналарнинг норасмий усулларда (репетиторларда) таълим олиш самарали деб билишлари ҳам мактабда таълимнинг сустлигини кўрсатади.
Мактабларга билимсиз кадрларнинг кириб келиши – энг катта муаммо. Давлат мактабларида ишлаётган масъулиятсиз, билимсиз ўқитувчини ишдан олиш жуда қийин, хусусий мактабларда ёки репетиторликда эса бундай ўқитувчилар ишлай олмайди, чунки улар ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилади. Давлат мактабларида дипломи борми, бундай одамни, албатта, иш билан таъминлаш шарт деб қаралади.

Биз шундай босқичга келяпмизки, энди дипломи борлиги билан эмас, шу дипломга яраша ўқувчига билим ва тарбия бера олишига ишонсаккина тизимга қабул қилишимиз керак бўлган даврдамиз.
– Янги жорий этилаётган тизимга асосан, мактаб битирувчиларининг охирги 6 йилликдаги баҳолари ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олинади. Яъни мактаб давридаги баҳоларнинг аҳамияти ортди. Бу билан яхши баҳо олишни тарғиб қилиб, болаларни ёшликдан рақобатга ўргатиб қўймаяпмизми?
– Ўқувчиларга яхши баҳо олишни тарғиб қилиш, уларни яхши баҳолар билан рағбатлантириш кўпчилик ўқувчиларни илҳомлантириб, ўқишга бўлган қизиқишини оширса, паст баҳо олган ўқувчиларни ўзига бўлган ишончини сўндириши мумкин, албатта. Бундай пайтда ўқувчиларни ижобий томонга ҳаракатлантириш учун ўқитувчининг маҳорати керак бўлади.

Бундан ташқари, соғлом рақобат ҳеч қачон зарар қилмайди, бунинг учун биринчи навбатда ўқитувчи холис бўлиши керак. Яъни ўқитувчи ўқувчиларини баҳолашда адолатли бўлиши ва мукаммал баҳолаш тизимига қатъий риоя қилишини муҳим деб биламан.
– Яхши ўзлаштираётган ва ўзлаштириши энг паст ўқувчи орасидаги фарқни қандай йўқотиш мумкин?
– Яхши ўзлаштираётган ва ўзлаштириши паст ўқувчи орасидаги фарқни йўқотиш учун ўқитувчи ўша ўқувчи билан алоҳида шуғулланиши, ишлаши ва маънавий рағбатлантириш орқали ўша ўқувчини энг аълочи ўқувчи бўлиши мумкин эканлигига ишонтира олиши керак.
Бу, яна бир бор айтаман, педагог бўлиб ишлаётган, шу орқали ризқ топаётган инсоннинг касбга лаёқатига боғлиқ. Шундай даврлар бўлдики, пул билан ўқишга кириб, шу тахлит битирган одамлар турли соҳалар каби халқ таълими тизимига ҳам кириб қолди. Уларда на билим, на шахсий ўрнак – хуллас, бу таълим бир жойда депсиниб қолишига омиллардан бири бўлди.
Бундан ташқари, ота-она фарзанди келажаги борасида ўз шахсий тажрибасигагина суяниб қолди ва келажак ўзгаришларини, бола қизиқишларини ҳисобга олмади. Менимча, болани ўзи қизиқаётган йўналишга кўпроқ эътибор қаратишига имконият яратиб бериш маъқулроқ. Масалан, математика фанини яхши билмайдиган ўқувчидан яхши мусиқачи ёки рассом чиқиши мумкин. Ёки сен чўпон бўласан дея ўқиши ва илм олиши учун шароит яратилмаган ёшлар келажакда етук олим, сиёсатчи, ҳуқуқшунос ва иқтисодчилар бўлиши мумкин эди ва ҳоказо.
– Қишлоқ ва шаҳар мактаблари муаммолари ўртасидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатлар нимада?
– Ҳозирги вақтда қишлоқ ва шаҳар мактаблари муаммолари ўртасидаги фарқ бу – қишлоқ мактабларида ўқитувчиларга дарс соатларининг етишмаслиги. Айрим фанлар, масалан, мусиқа, чизмачилик каби ҳафтасига бир соат ўтиладиган фанлардан дарс ўтадиган ўқитувчилар 8-10-12 соат дарс билан кифояланишига тўғри келади, чунки 250-350 нафар ўқувчиси бор мактабларда бу фанлардан бундан зиёд дарс соатлар бўлмайди.

Агар бу фан ўқитувчилари қўшни мактабларда дарс ўтадиган бўлса, декларация тўлдиришлари, таътил кунлари учун ҳақ тўланмаслиги, иккинчи мактабдан таътил пули ҳисобланмаслиги каби муаммолардан безор бўлишади ва ушбу ўқитувчилар дарсдан кўра бошқа ишлар билан шуғулланиб тирикчилик қилишни афзал кўришади.
Шаҳар ва қишлоқ мактабларидаги муаммоларнинг ўхшаш томонлари – ҳар иккала тоифа мактабларда ҳам яхши кадрларга бўлган эҳтиёж юқори.
– Бугунги куннинг муаллими қандай бўлиши керак?
– Бугунги куннинг муаллими учун ўз касбини яхши билишигина кифоя қилмайди. Нафақат билимли, балки кундалик янгиликлар, ижтимоий тармоқлар, замонавий технологияларни пухта билиши давр талаби.
Шунингдек, муаллим айнан интернет тармоқлари орқали жаҳон тажрибасидаги педагогик технологиялар билан танишиб бориши, шу асосда билимини ҳозирги замон талаблари даражасида ўқувчиларга етказа оладиган, таьлим билан тарбияни бирга олиб борадиган бўлиши керак.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
08:53 / 08.06.2026
1-синфга қабул 20 июндан бошланади
09:02 / 05.06.2026
Мактаб ва шифохоналарда энергия тежамкор лойиҳалар амалга оширилади
19:44 / 24.05.2026
Ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига кўчириш бўйича давлат хизмати вақтинчалик тўхтатилади
10:02 / 11.04.2026