Ўзбекистон | 11:51 / 25.04.2022
6523
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида асосан қуруқ ва иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

Фото: Kun.uz

Бугун республика ҳудудининг катта қисмида кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар берди.

Фарғона водийси вилоятларида атмосфера фронти ўтишида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Момақалдироқ пайтида шамол 17-22 м/с гача кучаяди. Республиканинг айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати 24-28 даража иссиқ атрофида бўлади.

Иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон бўйича асосан қуруқ ва илиқ об-ҳаво кузатилади. Фақат 27 апрелда марказий ва шарқий вилоятларнинг айрим туманларида баъзи жойларда асосан жадаллиги бироз бўлган қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкин.

27 апрелда шимолда ва чўл ҳудудларида, 28 апрелда республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши мумкин.

Ҳафта ўртасига келиб, Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига кундузги ҳаво ҳарорати 27-32 даража иссиққача кўтарилади.

Мавзуга оид