Ўзбекистон | 20:37 / 26.04.2022
25501
2 дақиқада ўқилади

Қабул-2022: Абитуриентларни баҳолаш мезони ўзгарди, бу 5 та йўналишни танлаш қамровини ҳам ўзгартиради

Энди абитуриентларга ўтган йилгидек мутахассислик блокидаги 2 та фан учун ҳам бирдай 3,1 баллдан берилмайди, 2-фанга 2,1 баллдан берилади. Мутасаддилар бундай ўзгариш нега киритилганига изоҳ беришди.

Бугун, 26 апрел куни Давлат тест маркази ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида жорий йилги қабул масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда бу йил абитуриентларни баҳолаш мезони ўзгаргани ҳақида тушунтириш берилди.

“Олдинги йил мутахассислик блокидаги 2 та фанга бир хил балл берилган бўлса, бу йил биринчи фанга 3,1 баллдан, иккинчи фанга 2,1 баллдан берилади. Бундай ўзгаришнинг сабаби бор. Масалан, математика йўналишига математикадан, физика йўналишига эса физикадан билими юқори ёшлар кириши керак. Олдинги йил эса аксинча бўлган ҳолатлар ҳам бўлди: физикани яхшироқ биладиган бола математикага ўқишга кириб қийналган ҳолатлар бўлди.

Бундан ташқари, бир хил балл бериш бир семестр ўқиш тугагандан сўнг талабалар ўзи яхшироқ билган йўналишга ўқишини кўчиришга ҳаракат қилиш ҳолатларига ҳам олиб келади. Шу сабабли таълим йўналиши бўйича энг юқори бўлган фанга кўпроқ балл берилиши мезон сифатида олинди ва бу абитуриентга ноқулайлик туғдирмайди”, – дея изоҳ берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов.

Қайд этилишича, баҳолаш мезонидаги бу ўзгариш абитуриентларнинг 5 та йўналишни танлаш қамровига ҳам таъсир қилади.

Эслатиб ўтамиз: бу йилги максимал балл – 189 балл. Мажбурий фанлар блокидаги саволларга 1 баллдан, мутахассислик блокидаги 1-фанга – 3,1 баллдан, 2-фанга – 2,1 баллдан берилади.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид