Ўзбекистон | 20:44 / 27.04.2022
25899
2 дақиқада ўқилади

Магистратурага кириш имтиҳонларида мутахассислик фанлари олиб ташландими?

Ижтимоий тармоқларда магистратурага қабул учун мутахассислик фанларидан имтиҳон бекор қилиниши ҳақида хабарлар тарқалди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддиси бунга изоҳ берди.

Жорий йилги қабул масалаларига бағишланган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов магистратура имтиҳонларига оид тарқалаётган хабарга изоҳ берди.

“Хабарларингиз бор, хориж тилларини ўрганишни ривожлантириш бўйича президент қарори чиққан. Унга кўра, жорий ўқув йилидан магистратурага фақат чет тили сертификати бор талабгорлар ҳужжат топшира олади. Ҳозир бу тартиб бекор қилингани ҳақида ҳам хабарлар чиқяпти, йўқ бекор қилингани йўқ. Амалдаги тартиб амалдалигича қолмоқда. Талабга лойиқ бўладиган талабгорлар қабул қилинади, талабга жавоб бермайдиганлар эса тайёргарлик кўради”, деди Абдували Холиқов.

Вазирлик расмийсининг қайд этишича, мутахассислик фанлардан имтиҳон олиниш-олинмаслиги ҳозир муҳокамада. Муҳокамадаги жараёнга аниқ хулоса айтиш қийин: бу амалга ошиши ёки ошмаслиги мумкин. Буни тизимдаги олимлар белгилаб беради.

Эслатиб ўтамиз, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши тартиби жорий этилган.

Бунда, филология йўналишлари бўйича камида С1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат, нофилологик йўналишлар бўйича эса В2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб этилади.

Мавзуга оид