Ўзбекистон | 12:02 / 29.04.2022
47478
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга жуда иссиқ, сўнг нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келади - «Ўзгидромет»

Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. 

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, фақат Самарқанд, Жиззах вилоятларининг айрим туманларида бугун кундуз куни, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида баъзи жойларда эртага кечаси ва эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

1-2 майда республика ҳудудига Эрон ҳудудларидан май ойининг боши учун жуда иссиқ бўлган ҳаво кириб келиши кучаяди. Кундуз кунлари ҳаво 32-34 даража иссиққача, республика жанубида 36-39 даража иссиққача кўтарилади. Бундай ҳарорат фони метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун ушбу даврнинг энг юқори ҳароратидан фақат 2-3 даражага паст бўлади. 

Шу кунларда фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Қолган ҳудудларда қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

3-4 майда Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келади. Республика бўйича вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. 

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши мумкин. Баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, 3 майда баъзи жойларда чанг кузатилиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати 22-25 даража иссиққача пасаяди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид