22:53 / 30.04.2022
25711

Instagram'дa тотализаторни реклама қилган катта аудиторияга эга шахслар жавобгарликка тортилди

Instagram'да бир неча юз минг обуначига эга вайнер ва юмористик шоу жамоаларидан бирининг аъзоси Ўзбекистонда тақиқланган тотализатор сайтини тарғиб қилгани аниқланди. Улардан бири бунинг учун номаълум шахсдан пул олиб келган.

Ота-оналар фарзандларини назоратсиз қолдираётгани оқибатида қарздорлик ҳолатлари келиб чиқмоқда. Ёшлар қиморга тикиш учун қарзга олинган пулларни қайтара олмай боши берк кўчага кириб қолмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, тотализатор ва букмекерлик хизматларини кўрсатиш, бундай хизматларни реклама қилиш қонунга зид, аммо пул эвазига билиб-билмай ёшларни қиморга етаклаётганлар ҳам йўқ эмас.

Instagram орқали ўзининг юз минглаб, ҳаттоки миллионга яқин кузатувчилари бўлган айрим вайнер ва блогерлар моддий манфаат эвазига ўз саҳифалари орқали қимор ва таваккалчиликка асосланган веб-сайтларни реклама қилаётган ҳолатлар аниқланмоқда.

Маълум қилинишича, Instagram ижтимоий тармоғини мониторинг қилиш жараёнида “shoqqi_vines” номли аккаунт эгаси (860 минг обуначига эга) қимор ва таваккалчиликка асосланган веб-сайтларни тарғиб қилувчи маълумот тарқатиб келаётгани, бу хизматлари учун номаълум шахсдан пул олиб келгани аниқланган. Ҳозирда бу номаълум шахсни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

“Бу веб-сайтлар нимага айнан Instagram орқали тарғиб қилинади? Чунки бу тармоқ фойдаланувчиларнинг аксар қисми – ёшлар”, дейилади видеолавҳада.

Ҳолат юзасидан аккаунт эгаси Шуҳрат Аҳмедов ИИББга чақирилган.

“Тахминан бир йилча аввал, аноним профилдан ёзишди. Казинога ўхшаган ставка ўйини бор, шуни реклама қилишни сўрашди. Ижодкор ижод қилиши учун доим олдида маблағ бўлиши керак, улар яхши маблағ таклиф қилгани учун рози бўлдим. Оғзаки келишувга эришиб, реклама қилишни бошладим”, – дейди Шуҳрат Аҳмедов.

У чин дилдан пушаймонлиги, тотализатор рекламаси мумкин эмаслигини ички ишлар ходимлари тушунтиришгани, бу ҳол бошқа такрорланмаслигини айтган.

Тотализатор сайти рекламасида суратга тушган шоу-бизнес вакили Зиннура Рўзиматова у сайтнинг қиморбозликка оид эканидан хабари йўқлигини билдирган.

“Ҳамкасбларим, актрисалар, блогерларга ҳам айтаман: нима реклама қилаётганингларни билиб реклама қилинглар”, – дейди Зиннура Рўзиматова.

ИИББ лавҳасида таъкидланишича, юмористик шоу жамоаларидан бирининг аъзоси Толибхўжа Ҳакимов ҳам қимор ўйинларини ўз аудиториясига тарғиб қилаётгани аниқланган. Бунда, интернетдаги қимор сайтлари Ўзбекистонда блоклангани сабаб бу сайтларга промокод ва ҳавола орқали ўтиш очиқчасига тарғиб этилган.

“Администратор ёрдамчим реклама олиб келди. Ҳеч қанақа пул эвазига эмас, вайнер укаларимиздан бирининг илтимосига биноан, “give” ўтказмоқчи экан”, деган Ҳакимов бош ҳомийнинг аслида кимлар эканини билмаганини таъкидлаб, бу каби видеоларни бошқа қўймасликка сўз берган.

Юқоридаги ҳар икки ҳолат бўйича терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўрилади, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 30дан ортиқ тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи сайтларга кириш чеклаб қўйилган. Шунингдек, рекламаларни ноқонуний жойлаштириш бўйича 718та объектда ўрганиш ўтказилган, 34та ҳолатда қонунбузилишига йўл қўйилгани аниқланиб, тегишли чорала кўрилган.

Top