Жамият | 07:46 / 02.05.2022
7952
2 дақиқада ўқилади

Давлат органларида кадрлар билан ишлаш йўналишида автоматлаштирилган тизим жорий этилади

Президентнинг “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Адлия вазирлиги тизимида кадрлар билан ишлаш йўналишидаги бюрократик тўсиқларга чек қўйиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни ва инсон омилини минималлаштиришга қаратилган автоматлаштирилган тизим жорий этилгани билдирилган.

Давлат бошқаруви органлари кадрлар билан ишлаш йўналишидаги бюрократик тўсиқларни, коррупциявий хавф-хатарларни ва инсон омилини минималлаштиришга қаратилган автоматлаштирилган тизимни 2023 йил 1 январга қадар қуйидаги талаблар асосида жорий этади:

  • вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатлар расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон шаклда амалга ошириш;
  • таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар маълумотларини ягона электрон базага бирлаштирган ҳолда ахборотни тўплаш ва ишлов бериш;
  • кадр иш юритуви ҳужжатларни электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда фақат тизим орқали электрон шаклда қабул қилиш ва юритиш;
  • ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини автоматик баҳолаш ва масофавий ўқитиш;
  • кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архивини (HR–Data) юритиш.

Давлат бошқаруви органлари кадрлар билан ишлаш бўйича автоматлаштирилган тизимни жорий қилиш бўйича сарф-харажатларни ўз бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалари ҳисобидан амалга оширади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид