Ўзбекистон | 08:20 / 04.05.2022
14111
3 дақиқада ўқилади

Ички саёҳатларга кетган харажатлар бир қисми қайтариб берилади

1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига республика бўйлаб саёҳатга чиқиш харажатларининг бир қисмини қайтариш (“кешбэк”) тартиби жорий этилади. Фуқаролар самолёт, поезд, автобус, театр, музейларнинг чипталари ва меҳмонхоналарда қолиш учун сарфлаган пуллар уларга қисман қайтариб берилади.

Фото: Kun.uz

Президент “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари (маҳаллий туристлар) учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш (“Cashback”) тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) Саёҳат харажатларини қайтариш ички саёҳатларни режалаштириш ва маблағларни қайтариш ҳамда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида тақдим қилинадиган чегирмалар, тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни назарда тутувчи электрон платформа, шу жумладан, унинг мобиль иловаси орқали амалга оширилади;

б) Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:

  • авиа, темирйўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;
  • жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;
  • маданият ташкилотларига ташриф буюриш;

в) Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

  • авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

г) саёҳат харажатлари фақатгина платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади;

д) платформа Давлат солиқ қўмитасининг махсус мобиль иловаси (SoliqUz) билан интеграция қилинган ҳолда, харажатлар ҳаққонийлиги мобиль илова ёрдамида текширилиб, харид чекининг матрицали штрих кодини (QR-код) ҳамда маҳаллий туристларнинг доимий яшаш жойларини кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.

Жойлаштириш воситаларига қуйидагилар киради: меҳмонхоналар, туризм базалари ва мажмуалари, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, оилавий меҳмон уйлари, ўтов ва палаткали оромгоҳлар, санаторийлар ва меҳмонхона хизматлари – вақтинча яшаш хизматларини кўрсатадиган бошқа объектлар, шунингдек, тунаш учун қайта жиҳозланган ер усти транспорти.

Молия вазирлиги республика бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан саёҳат харажатларини қайтаришни молиялаштириш учун жорий йилда жами 30 миллиард сўм, жумладан, унинг биринчи босқичини молиялаштириш учун бир ҳафта муддатда 10 миллиард сўм миқдоридаги маблағларнинг Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид