ОАВ: Украина «Москва» крейсерини АҚШ разведка маълумотлари орқали чўктирган
Украина «Москва» ракета крейсерига Америка разведка маълумотлари асосида зарба берган. Бу ҳақда дастлаб Американинг NBC телеканали, кейин Washington Post ва New York Times нашрлари ўз манбаларига асосланиб хабар тарқатди. Россия ҳукумати Қора денгиз флоти флагманидаги ёнғин ҳақида 13 апрел куни хабар берган, кейинги куни кема чўкиб кетганди.
Нашрларнинг ёзишича, крейсерга ракеталар отишдан олдин америкаликлардан маълумот сўралган. Қайд этилишича, айнан АҚШ крейсерни аниқлаш ва нишонга олиш учун унинг жойлашган ўрнини аниқ белгилашда ёрдам кўрсатган, зарба бериш тўғрисидаги қарорни эса украин ҳарбийлари ўзи қабул қилган.
NYT нашрининг ҳарбий доиралардаги икки манбаси Украина «Москва» турган жойни мустақил аниқлагани, АҚШ эса шунчаки украинларнинг разведка маълумотини тасдиқлаб берганини маълум қилган.
«Қора денгизда Россия ҳарбий кемасини пайқаган украин ҳарбийлари бу ҳақиқатан ҳам «Москва» эканини тасдиқлаш учун америкаликлар билан алоқага чиқишган. АҚШ ижобий жавоб қайтарган ва унинг жойлашган ўрни бўйича разведка маълумотларини тақдим этган», деган CNN манбаси.
Нашрларнинг аноним манбалари Украина томонининг кораблга 13 апрел куни украинларнинг иккита «Нептун» ракетаси урилгани, шундан сўнг у ёниб, чўкиб кетгани тўғрисидаги маълумотини тасдиқлаган.
Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг айтишича, АҚШ «Москва»ни нишонга олиш учун «муайян мақсадли ахборот бермаган». У россияликлар крейсерига зарба бериш тўғрисида украинлар мустақил қарор қабул қилгани ва АҚШ бу ҳақда олдиндан хабардор бўлмаганини таъкидлаган.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши нашрларнинг бу хабарларини масъулиятсизлик деб атаган.
Кирбининг баёнотидан олдинроқ Washington Post нашри ҳарбий идора вакили аввал ҳам ишлатган «мақсадли маълумот» (targeting information) ибораси қандай маъно бериши ҳақида ёзганди: «АҚШ нуқтайи назарига кўра, агар Украина разведка маълумотларини олса ва кейин мамлакат мудофааси учун чора кўришга қарор қилса, Қўшма Штатлар унга кимгадир ҳужум қилиш кераклигини кўрсатадиган маълумотларни тақдим этган ҳисобланмайди».
BBC корреспонденти Павел Аксенов:
Америка нашрлари манбаларининг ракеталари «Москва» крейсерини чўктирган Украинанинг «Нептун» соҳил ракета мажмуаси кема жойлашувини АҚШ разведкаси маълумотига асосланиб аниқлагани ҳақида берган маълумоти Вашингтонни ноқулай ҳолатга тушириб қўйди, чунки буни тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш сифатида ҳам талқин қилиш мумкин. Материалда айтилишича, америкаликлар кораблни топиб, унинг қандай кема эканини қайд этиб, жойлашувини аниқлаган ва бу маълумотларни украинларга тақдим этган, шундан кейин «Нептун» мажмуаси мустақил равишда ракеталар учиришга қарор қилган.
Бунинг ортидан Пентагон матбуот котиби Жон Кирби АҚШ Украинага «Москва» крейсерини нишонга олиш бўйича «мақсадли ахборот» тақдим этмаганини билдирди. Аммо крейсернинг жойлашуви, тезлиги ва ҳаракат йўналиши ҳақидаги маълумотлар - жуда муҳим маълумотлардир.
«Нептун» комплексининг РК-360МЦ қанотли ракетаси советларнинг Х-35 ракетаси асосида ишлаб чиқилган, украин конструкторлари унинг учиш масофаси ва йўналтириш тизимини сезиларли даражада яхшилашган. Бундай ракета нишонга томон мустақил ҳаракатланади, аммо бу парвознинг охирги босқичида рўй беради. Ундан олдин эса ракета нишонгача етиб бориш учун ташқаридан бошқарилиши керак бўлади.
Россиянинг Х-35 ракеталари қўлланадиган «Бал» соҳил ракета мажмуаси ҳам шундай схемада ишлайди. Нишонни белгилаш турли манбалардан - сунъий йўлдошдан, радарли самолётлардан, дронлардан, бошқа кемалардан бўлиши мумкин. Бу моҳиятан нишоннинг жойлашуви тўғрисидаги маълумотларни узатишдир.
Пентагон матбуот котиби Жон Кирби брифингда америкаликлар украин ракеталари учун нишонларни белгилаб бериш билан шуғулланмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу регионда P-8 Poseidon самолётлари патруллик қилади ва улар бундай вазифани бажармагани аниқ. Аммо, ҳарбий блогерлар ҳаво кенглигини кузатиш бўйича турли сервисларга асосланиб хабар қилишича, Қора денгиз ҳудудида турли кунларда бошқа разведкачи самолётлар, учувчили ва учувчисиз учиш қурилмаларини ҳам пайқашган.
Аввалроқ америкаликлар Украина билан тезкор разведка маълумотларини бўлишишларини тан олишган, ҳатто бу ҳақда Оқ уйда Украина бош вазири Денис Шмигал билан учрашувда президент Жо Байден ҳам гапирганди. Аммо бундай маълумотлар хусусиятлари ҳеч қачон ошкор этилмаганди.
Россия ҳукумати 13 апрел куни Қора денгиз флоти флагманида ўқ-дори портлаши туфайли ёнғин чиққани ҳақида хабар берганди. Кейинги куни кема Севастополга шатакка олиб кетиш чоғида чўкиб кетгани маълум қилинди. 22 апрел куни Россия мудофаа вазирлиги бу ёнғин оқибатида экипажнинг бир аъзоси ҳалок бўлиб, 27 киши «бедарак йўқолгани» ҳақида хабар қилди. Шундан буён бу одамларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.
Россия ҳукумати портлаш сабабини расман маълум қилмаган.
Турли баҳоларга кўра «Москва» экипажи 416 нафардан 680 нафаргача бўлган. Сўнгги рақам РФ мудофаа вазирлиги расмий сайтида Қора денгиз флоти флагмани тарифида келтирилган, аммо ҳозирда бу саҳифа ўчириб қўйилган. Россия Тинч океани флотининг худди шундай тавсифланган ва «Москва» каби қуролланган флагмани бўлмиш «Варяг» крейсери экипажи ҳам 680 кишини ташкил этади.
РИА Новости 14 апрел куни «Москва» экипажи 500 кишидан иборатлиги ҳақида хабар берган, Украина президенти офиси маслаҳатчиси Арестович эса кораблда тахминан 510 денгизчи бўлганини айтган.
Мавзуга оид
20:25 / 28.12.2023
Қора денгиздаги уруш: Украина Россия флотига қарши қандай курашмоқда ва буёғига нима бўлади?
20:37 / 17.08.2022
Путин Қора денгиз флоти қўмондонини ишдан бўшатди. Бу – уруш вақтидаги энг катта истеъфо
22:20 / 24.04.2022
Украинадаги вазият: Иккинчи босқичдаги мақсад маълум қилинди, Жонсон уруш узоқ чўзилиши мумкинлигини айтди
22:08 / 18.04.2022