11:31 / 07.05.2022
11961

АҚШ Conti гуруҳи ҳакерлари ҳақидаги маълумот учун 10 млн доллар мукофот эълон қилди 

Conti аъзоларининг ички чатлари сизиб чиққанидан сўнг, гуруҳ Кремль билан алоқадорликда гумонланмоқда.

Фото: Shutterstock

АҚШ Давлат департаменти Россияга алоқадор Conti ҳакерлар гуруҳи раҳбарларини аниқлаш ёки топишга ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилди

Давлат департаменти, шунингдек, ҳакерларни ҳибсга олиш ёки суд қилиш учун етарли бўлган маълумот учун 5 миллион долларгача мукофот ваъда қилди. ФҚБ маълумотларига кўра, мингдан ортиқ одам ушбу гуруҳ ҳужумлари қурбони бўлган, улар яратган дастур ёрдамида 150 миллион доллардан кўпроқ пул ўғирланган. Давлат департаментининг 6 май, жума куни эълон қилинган баёнотига кўра, бир дона дастур туфайли етказилган ва ҳужжатлаштириб олинган энг катта зарардир.

«Ушбу мукофотни тақдим этиш орқали Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб эҳтимолий товламачи дастурлар қурбонларини кибержиноятчилар эксплуатациясидан ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этмоқда», — дея маълум қилди Давлат департаменти. Ҳакерлар шу йилнинг апрель ойида Коста-Рикадаги давлат идораларига киберҳужумлар уюштирганликда ҳам гумон қилинмоқда, бу эса солиқни қайта ишлаш ва божхона тартиб-қоидаларига жиддий зарар етказди. 

AFP агентлигининг қайд этишича, февраль ойида ички файллари ошкор бўлгунга қадар Conti гуруҳининг таркиби ҳақида маълумот кам бўлган. Ҳакерларнинг эълон қилинган ички хабарларида Россия ФХХнинг маҳаллий бошқармаси жойлашган Санкт-Петербургдаги Литейний шоҳкўчаси тилга олинган, деб ёзади Wired. Иштирокчилар Алексей Навалнийнинг заҳарланиши ва Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишини муҳокама қилган. 
 
«Сизиб чиққан суҳбатлардан шундай таассурот пайдо бўлдики, Conti раҳбарлари Россия ҳукуматининг сўзсиз кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ишлашга рухсат берилганлигини тушунган. Афтидан, Россия ҳукумати ва Conti раҳбарияти ўртасида айрим алоқалар мавжуд», деб изоҳ берди Recorded Future хавфсизлик фирмаси таҳлилчиси Аллан Лиска. 

Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошлангани ортидан Conti ўз блогида президент Владимир Путинни «тўлиқ қўллаб-қувватлашини» эълон қилди ва «Россияга қарши киберҳужум ёки ҳар қандай ҳарбий ҳаракатни ўтказишга қарор қилганлардан муҳим инфратузилмаларига зарба бериш орқали ўч олиш» билан таҳдид қилди.

Россияга алоқадор ҳакерлик гуруҳлари уруш бошланганидан бери Украинада 200 дан ортиқ киберҳужум уюштирди. Буни Microsoft компанияси апрель ойи охирида ҳисоблаб чиқди. «Ҳарбий ҳаракатлардан сал олдин бошланган даврда камида олтита Россияга алоқадор ҳакерлар гуруҳи Украинага қарши 237 дан ортиқ операция ўтказди», деб хабар берди Microsoft. Компания ҳужумларда қайси гуруҳлар иштирок этганига аниқлик киритмаган. 

Top