Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта давомида салқин ҳарорат кузатилади, вақти-вақти билан ёмғир ёғади - «Ўзгидромет»
Бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари Кавказ ҳудудларидан кириб келган салқин ва нам ҳаво массаси таъсири остида бўлади.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, ҳудудларнинг катта қисмида қисқа муддатли ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин, баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди.
Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат фони куннинг меъёрий қийматларидан 3-4 даражага кам бўлади ва 20-25 даража иссиқдан ошмайди.
Эртага фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечаси ва эрталаб, Фарғона водийси вилоятларида эса кун давомида ёмғир ёғиш эҳтимоли сақланиб туради. Ҳарорат кечаси 12-17 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ атрофида бўлади.
Пайшанба куни республиканинг шимолий ҳудудларига яна нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда, бунда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
13 май, жума куни нам ва салқин ҳаво массаси мамлакат барча ҳудудларини қамраб олади, баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин, баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди. Шимолда ёғингарчилик тўхтайди. Ушбу кунларда ҳарорат кечалари 12-17 даража илиқни, 12 май кундуз куни 23-28 даража иссиқни ташкил этади, 13 майда ёмғир пайтида 21-26 даража иссиққача пасаяди.
Ҳафта давомида республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин.